Янгиликлар

Цемент ишлаб чиқариш корхоналарига инновацияларни жорий қилиш ишлари давом этмоқда

Инновацион ишланмаларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари  «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ходимлари ва лойиҳа раҳбарлари билан ҳамкорликда «Бекободцемент» АЖ ва «Оҳангаронцемент» АЖ корхоналарига ташриф буюришди ва у ерда соҳага доир илмий фаолиятни ривожлантиришга қаратилган махсус семинарлар ташкил этилди. Учрашувлар натижасига кўра, «Оҳангаронцемент» АЖ билан илмий-тадқиқот ишларини тенг молиялаштиришга қаратилган қўшма қарор ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бундан ташқари, вазирлик ходимлари ҳамда мамлакатимизнинг 16 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналари директорлари, технолог ва энергетиклари иштирокида «Ўзбекистон цемент тармоғини ривожлантириш учун инновацион ишланма ва технологияларни жорий этиш» мавзусида онлайн-семинар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан цемент ишлаб чиқариш соҳасида энергия ва ресурс тежамкор технологиялардан фойдаланиш амалиётини кенгайтиришга қаратилган умумий қиймати 2,9 млрд. сўмлик 4 та илмий лойиҳалар молиялаштирилган. Тадбир давомида қатнашчилар молиялаштирилган лойиҳалар натижалари билан танишиб чиқишди ҳамда цемент саноати корхоналарида инновацион ишланмаларни жорий этишга қаратилган бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, цемент ишлаб чиқарувчи заводлар мутахассислари томонидан илмий тадқиқотлар ўтказилиши талаб этилаётган ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга хизмат қиладиган муаммоли масалалар кўтарилди.