Янгиликлар

«Сколково» жамғармаси раиси Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди

6 апрель куни Россия Федерациясининг «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди. Ташриф аввалида А. Дворкович стартап лойиҳалар доирасида яратилган ишланмалар, тайёр маҳсулотлар ва саноат намуналари кўргазмаси билан танишди.

Сўнгра А. Дворкович Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган стартап лойиҳалар муаллифлари билан учрашиб, улар билан суҳбат қурди, ёшларнинг саволларига жавоб берди. Хусусан, «Сколково» жамғармаси раиси ўзи эришган марраларга етиш учун нималар қилиш лозим, деган саволга қуйидагича жавоб берди:

– Аввало таълим. Мен математика мактабида ўқиганман, кейин, албатта ,олий таълим.Одам қайси соҳада ишламасин, математик фикрлаш муваффақият сари элтади, деб ҳисоблайман. Иккинчидан, жамоа. Мен ўзим шакллантирган жамоаларда ҳам, мавжуд жамоаларда ҳам фаолият юритганман. Жамоанинг малакаси, жипслиги ва мақсадга йўналтирилгани кўп нарсани ҳал қилади. Ва албатта, меҳнат. 28 ёшимда ҳукуматда фаолиятимни бошлаганимда кунига 20 соат ишлардим.

Учрашувнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар натижасида томонлар ҳамкорликда стартап лойиҳалар танловларини ўтказишга келишдилар.

«Сколково» жамғармасининг стартап лойиҳаларни венчур молиялаштиришдаги тажрибасини инобатга олган ҳолда, И. Абдураҳмонов жамғармани «UzVC» миллий венчур фондига бошқарув компанияси танловида иштирок этишга таклиф этди. Таъкидлаш жоизки, «Сколково» жамғармаси 2000 дан зиёд стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, уларга 140 млн доллар инвестиция киритилган ҳозирда эса уларнинг даромади 800 млн. долларни ташкил этади. Мазкур стартаплар 28 мингта иш ўринларини ташкил этишга ва 150 та инновацион маҳсулотларга патент олишга хизмат қилди.

Шунингдек, томонлар Инновацион ривожланиш вазирлигига «Сколково» жамғармаси томонидан венчур молиялаштириш бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. «Сколково» технопарки тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда инновацион технопаркларни такомиллаштирш, ахборот технологиялари соҳасида стартапларнинг ривожланиши учун мақбул экотизимни яратиш борасида фикрлар алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “CAT Science” Илмий стартаплар платформаси «Сколково» хорижий акселераторлари билан ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, «Сколково» билан ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик 25 та стартап лойиҳалари муаллифлари «Софтлендинг» дастурида иштирок этганди. Дастурнинг самарали ўтгани ва эришилган натижаларни инобатга олиб, учрашувда томонлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари ва ёш стартапчилар учун «Софтлендинг» дастурини давом эттиришга келишдилар. Шунингдек, жамғарма билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган ва ўтган йили пандемия туфайли ўтказилмаган «Стартап тур» жорий йилнинг куз ойларида ташкил этиш маъқул деб топилди.

Бундан ташқари, томонлар Инновацион ривожланиш вазирлиги кўргазмалар залида “«Сколково» бурчаги»ни ташкил этиш лозимлигини қайд этдилар. А. Дворкович жамғарма томонидан тиббиёт соҳасидаги инновацион ишланма ва технологияларни кўргазма учун тақдим этилишини айтди.

Учрашув дўстона руҳда ўтди.