Янгиликлар

Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди  

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4335-сонли қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда мутасадди ташкилотлар вакиллари, олим ва профессорлар иштирок этди. Йиғилишга инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди. Кенгашда илм-фан ютуқлари ва инновацион жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материаллари амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишини таъминлаш бўйича фикрлар алмашилди.

Йиғилишнинг асосий мақсади илмий жамоатчилик ва салоҳиятли инвесторларга қурилиш материаллари соҳасидаги инновацион ютуқларни тақдим этиш, шунингдек муаммоларга ойдинлик киритиш ҳамда замонавий тенденциялар ва илм-фан, муҳандислик ва технологиянинг устувор йўналишларида олиб борилган тадқиқотлар натижалари билан бўлишишдир. Шу боис янги турдаги қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган долзарб мавзуларда инновацион лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.