Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Исроил элчисини қабул қилди

2021 йил 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Турдикулова Исроил Давлатининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Зеавит Бен Хилел хоним билан музокара ўтказди.

Ш.Турдикулова 2021 йил 15 апрель куни Исроил Давлати Мустақиллик кунининг 73 йиллигини нишонланиши муносабати билан табриклаб, Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлати билан халқаро муносабатлари, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳамкорликнинг равон ва илғор хусусияти билан ажралиб туриши тўғрисида сўз юритди, келгусида яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга умид боғлади.

Зеавит Бен Хилел ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликнинг 3 асосий йўналишларини белгилаб ўтди. Булар: «МАШАВ» – Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлик агентлиги билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида 5 кунлик онлайн ўқув дастурини ташкил этиш; таълим ва инновациялар.

1958 йилда ташкил топган «МАШАВ» агентлигининг асосий мақсади – ривожланаётган давлатларга техник ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, турли соҳаларда ташкил этиладиган ўқув курсларида мутахассислар малакасини оширишга кўмаклашишдир. 1995 йилдан буён 2 мингдан ортиқ Ўзбекистон мутахассислари «МАШАВ»нинг қишлоқ ва сув хўжалиги, кичик ва ўрта бизнес, ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш, яшил технологиялар, инновация ва бошқа соҳалардаги халқаро курсларида ўз билиб ва тажрибаларини оширган.

Учрашув давомида Ш.Турдикулова мамлакатда давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемиясининг илк кунлариданоқ ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли (COVID-19) пандемиясининг оммавий таъсири бошқа мамлакатларга қараганда анча оз бўлгани, инсоният аввал дуч келмаган ушбу офатга қарши мамлакатимизнинг барча тегишли соҳа вакиллари сафарбар этилгани, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш тадбирларининг ўзаро узвийликда, тезкорлик билан жорий қилингани бунинг асосий сабабларидан бири бўлганини таъкидлади.

Ш.Турдикулова, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг бир гуруҳ олимлари томонидан (COVID-19) вируси геномининг икки участкасининг (ПЗР) усулидаги таҳлилга асосланган тест системасини ишлаб чиқилгани ва мазкур тест системаси барча клиник синовлардан муваффақиятли ўтиб, тест системаларига бўлган эҳтиёжларни тўлиқ қопланаётганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Турдикулова мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш йўлидаги чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тўхталиб, Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси юзасидан охирги амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Зеавит Бен Хилел хоним томонидан Исроил Давлатининг Миллий соғлиқни сақлаш ташкилоти билан видео-конференц алоқа орқали музокаралар олиб бориш, Исроил тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилиб, элчи томонидан Исроил давлатининг дунёда коронавирусга қарши курашишда қўшган ҳиссасига бағишланган исроиллик ёзувчи Джоди Коэннинг “Israel vs Covid-19»” номли китобини совға қилди.

Шу билан бирга, инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Исроилнинг “Maya International” компаниялари билан ҳамкорликдаги ишларни янада ривожлантириш, Исроилда стартап экотизимнинг ривожланганлигини инобатга олиб, Ўзбекистонга технологиялар трансфери, бизнес-акселератор, бизнес-инкубатор дастурлари доирасида Исроил тажрибасини ўрганиш мақсадида ўқув курси ташкил этиш заруриятини белгилаб ўтди.

Зеавит Бен Хилел хоним, ўз навбатида, фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу йўналишда Инновацион ривожлантириш вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.

Ўз ўрнида Ш.Турдикулова алоқаларни кенгайтириш бўйича мунтазам учрашув ва музокаралар ўтказишга тайёрлигини ва юқорида келтирилган соҳаларда элчихонани тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

Учрашув дўстона руҳда ўтди.