Янгиликлар

Беларуслик олимлар билан ҳамкорликда юқори қаттиқликка эга материаллар яратиш ва ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистондаги металлургия комбинатлари вакиллари, илмий-тадқиқот ва илмий ишлаб чиқариш бирлашмаларининг илмий ходимлари ҳамда «Беларус Миллий Фанлар академияси Материалшунослик илмий-амалий маркази» Давлат илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг директори ўринбосари Олег Игнотенко билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Видеоконференцияда «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» АЖ, «Навоий тоғ-металлургия комбинати», «Узметкомбинат» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Материалшунослик институти, Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги «Фан ва тараққиёт» давлат унитар корхонаси вакиллари иштирок этдилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтисодиёт реал секторига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи А. Абдукаримов раислигида ўтказилган йиғилишда бор нитриди асосида юқори қаттиқликка эга материалларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда илмий тадқиқот ва ишланмалар бўйича тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди. Ўз навбатида Олмалиқ кон-металлургия комбинати қошидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмаларни ишлаб чиқариш илмий-тадқиқот бирлашмаси мутахассислари композицион қаттиқ қотишмалар бўйича янги ишланмаларга доир ўз таклифларини бердилар.

Шундай қилиб, учрашувда ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.