Янгиликлар

Темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Бутунроссия темир йўл транспорти илмий-тадқиқот институти (БТЙТИТИ), «СИБВEС» МЧЖ ҳамда “Railtech” МЧЖ вакиллари ўртасида темир йўл транспорти соҳасида технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятининг асосий ва устувор йўналишлари, шу жумладан илмий-техникавий халқаро шерикликни кенгайтириш, республиканинг темир йўл логистикаси ва инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегиясига мувофиқ темир йўл тармоғига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшма истиқболли лойиҳалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.

«СИБВEС» МЧЖ директори Владимир Мурашкин ўз навбатида юқоридаги чора-тадбирлар БТЙТИТИ, Тошкент давлат транспорт университети ва «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек темир йўл соҳасида рақамли технологиялар жорий этилишини жадаллаштириш мақсадида соҳа мутахассисларининг хорижий қисқа муддатли стажировкаларини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия олимларининг тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

«СИБВEС» МЧЖ - радиоэлектроника ускуналари, ЛEД ёритгичлари ва уларнинг таркибий қисмларини ишлаб чиқариш, шунингдек Россия Федерацияси ва МДҲ мамлакатлари темир йўлларида эксплуатация қилинадиган алоқа ускуналари ва хавфсизлик мосламаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ихтисослашган кўп тармоқли корхона бўлиб, "Railtech“ МЧЖ эса «СИБВEС»нинг Тошкентдаги вакилидир.

Учрашув якунларига кўра, темир йўл тармоғини инновацион ва рақамли ривожланишининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш, Россия компанияларини жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгиланди.