Янгиликлар

Ўзбекистонлик олимлар томонидан юртимизда тарқалган SARS-CoV-2 вирусининг 32 та геноми тўлиқ ўқилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги буюртмасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан коронавируснинг тўлиқ геномлари биринчи марта Ўзбекистонда ўқилди ва биоинформатик таҳлил ишлари олиб борилди. Натижалар коронавирус геном маълумотлари учун очиқ маълумотлар тармоғи – GISAID маълумотлар базасига жойланди ва тегишлича расмийлаштирилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз ҳудудида коронавируснинг барча вариантларини ДНК кетма-кетлигининг тўлиқ секвенлаган 50 та мамлакат қаторига кирди. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология ва жамоат соғлиғи бошқармаси ҳамда Biogen Med хусусий клиникасидаги бирламчи вирус юқтиргани тасдиқланган фуқароларининг 62 нафаридан намуналар олинди ва янги авлод секвенатори ёрдамида уларнинг 32 та геноми тўлиқ секвенлаш орқали таҳлил қилинди ёки бошқача қилиб айтганда, ДНК кетма-кетлиги ўқилди. Бу 29 903 нуклеотид деганидир.

Шунингдек, олимлар қатор биоинформатик таҳлиллар ёрдамида (Nextclade) Ўзбекистонда тарқалган вирус вариантлари ҳозиргача ўқилган коронавирус маълумотлар базасидаги геномлар билан солиштирдилар. Натижада, Ўзбекистондаги COVID-19 вариантларидан 18 тасининг шажарадаги ўрни аниқланди. Унга кўра, Ўзбекистонда учраётган COVID-19 нинг вариантлари GR (20В) ва S (19В) гуруҳларига мансублиги аён бўлди. Шажаранинг GR (20В) тармоғида Ўзбекистон билан биргаликда асосан Европа, Осиё, Африка ва Австралия қитъаси вакиллари жойлашган бўлса, S (19В) гуруҳида эса Осиё ва Африкага хос вирус геномлари жойлашган. Бу ушбу иккита гуруҳ орқали мамлакатимизга кириб келган вирусларнинг манбаи битта эмаслигини англатади.

Таъкидлаш жоизки, SARS-CoV-2 вирусининг геном маълумотлари илк бора 2020 йилнинг январь ойида Хитойда аниқланган. Ўша пайтдан бошлаб бутун дунёда тарқалган коронавирус намуналари олиниб, геномларини секвенлаш ишлари бошланди. Геномларни аниқлаш маҳаллий ва глобал миқёсда эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлиб, вируснинг эволюцион таҳлилини амалга ошириш, уни қаерда пайдо бўлгани, қандай мутацияларга учрагани ва бошқа маълумотларни беради. Бу маълумотлар ёрдамида эса вакцина яратилади. Ўзбекистонда тарқалган коронавирус вариантлари ҳақидаги маълумотлар айнан юртимизда тарқалган штаммларга қарши йўналтирилган миллий вакцинамизни яратиш ишлари учун ўта муҳимдир.

Ўзбекистонда тарқалган COVID-19 вариантларининг тўлиқ геном ДНК кетма-кетликларининг аниқланиши ва дунё маълумотлар базаси билан қиёсий таҳлиллари вируснинг Ўзбекистон шароитида ўзгаришини доимий мониторингини амалга оширишдаги катта қадам бўлди. Қолаверса, бу охирги йилларда Янги Ўзбекистонда илм-фан ва олимларимизга яратиб берилаётган катта имкониятларнинг дастлабки натижаларидан биридир.