Янгиликлар

БАЁНОТ

Бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан учта вакцина – Pfizer/BioNTech, Johnson&Johnson ва AstraZeneca вакциналари тасдиқланган ва тегишли рўйхатдан ўтказилган. Бироқ глобал пандемия шароитида ЖССТ томонидан ҳали тасдиқланмаган вакциналар ҳам маҳаллий регуляторлар томонидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берилиши тартиби йўлга қўйилган. Мана шу қоидага асосан аҳолини эмлаш қамрови кенгайтирилиб, коронавирусга қарши оммавий иммунитет ҳосил қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

13 март куни kun.uz нашрида чоп этилган «Баёнот бериш масъулияти. Ўзбекистон расмийларининг вакцина ҳақидаги гаплари қанчалик асосли?» мақоласида «Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компаниясининг ZF 2001 вакцинаси ҳали ЖССТ тасдиғидан ўтмаган, Махсус комиссия ҳали ЖССТ тасдиғидан ўтмаган вакцинага буюртма бериб юборган ва уни ишлаб чиқариш учун маҳаллий корхонани танлаб олган бўлиб чиқяпти.» деб ёзилган. Дарҳақиқат, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ЖССТ томонидан рўйхатга олинмаган, шундай бўлса-да, учинчи фаза синовлари муваффақиятли давом этаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ундан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат берилган. Ҳозирда юртимиз аҳолиси томонидан энг кўп тилга олинаётган вакциналардан бири – Спутник V вакцинаси ҳам ҳануз ЖССТ тасдиғини олмаган, бироқ дунёнинг 50 дан ошиқ давлатида ундан фавқулодда фойдаланишга рухсат берилган. Худди шундай, АҚШда ишлаб чиқарилган Модерна вакцинаси ҳам ЖССТ томонидан рўйхатга олинмаган, аммо АҚШ, Канада, Исроил, Буюк Британия, Швейцария, Саудия Арабистони ва Сингапурда фавқулодда фойдаланишга рухсат берилган, Европа Иттифоқи давлатлари, Норвегия, Исландия, Фарер ороллари ва Гренландия давлатларида ЖССТдан ҳали ўтмаган мазкур вакцина доимий эмлаш учун фойдаланиш мумкин деб белгиланган.

Шу ўринда Хитой–Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси бўйича барча ҳужжатлар ЖССТга рўйхатдан ўтказиш учун тегишли тартибда топширилгани ва у ҳозир кўриб чиқиш жараёнида эканини маълум қиламиз. Ўз навбатида тадқиқотлар жараёнида вакцинани синовдан ўтказиш бўйича ЖССТ томонидан қўйилган барча талаблар ва қоидаларга қатъий амал қилинмоқда.

Яна шуни маълум қиламизки, ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналарнинг ҳам 3-фаза синовлари якунланмаган. ЖССТнинг талабига кўра, ҳар қандай вакцинанинг клиник синовлари охирги инъекция олинганидан кейин бир йил давомида амалга оширилади. Коронавирусга қарши вакциналарнинг энг дастлабкиларининг клиник синовлари бошланиши даврини узоғи билан ярим йил деб оладиган бўлсак, ҳеч бир вакцинанинг клиник синовлари якунланмаган. Демак, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг клиник синовлари тугамагани учун ундан фойдаланиш мумкинлигини шубҳа остига олиниши асосли эмас.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши жуда юқори самарадорликка эгалигини кўрсатгани ҳамда Moderna вакцинаси билан солиштирганда, самарадорлик 6 баробарга юқорилиги ҳақидаги сўзларининг ҳам мақола муаллифи «шубҳали» ҳисоблаб, очиқ манбаларда буни тасдиқловчи маълумотлар учрамаслигини айтади. Ваҳоланки, Ш. Турдиқулова берган маълумотлар https://www.biorxiv.org/conten... ҳаволасида келтирилган ва уни истаган одам ўқиши мумкин.

Бу ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини коронавируснинг янги штаммларига қарши самарадорлиги бўйича тадқиқотларга бағишланган илмий мақола бўлиб, унда тадқиқотлар натижаларига кўра, вакцина қўлланилганида янги вирус штаммларининг фаоллиги 1,6 баробарга камайиши аниқлангани келтирилган. Бу ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг мазкур тадқиқотда фойдаланилган бошқа вакциналарга нисбатан самараси 4-6 баробар юқорироқ эканини англатади.

Шу ўринда kun.uz сайтида эълон қилинган мақола муаллифининг вакцина синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлмай нотўғри хабар бериши аҳоли ўртасида саросима уйғотиши, оммавий вакцинация олдидан хавотирнинг ошишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, ОАВ вакилларини вакцина тўғрисидаги маълумотларни малакали мутахассислар ва экспертларни жалб этган ҳолда тайёрлашларини сўраймиз.


Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати