Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида танлов эълон қилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3416-сон ва бошқа тегишли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек “Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ барча фан йўналишлари бўйича илмий стажировкаларга юбориш юзасидан танлов эълон қилади.

Шу муносабат билан, 2021 йилнинг 1 май санасига қадар илмий стажировка ўташга тавсия қилинувчи номзодлардан ҳужжатлар қабул қилинади.

Номзодлар тўғрисидаги маълумотлар қуйидаги тартибда Вазирликка тақдим этилади:

олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилган номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)лар юқори турувчи вазирлик ва идораларга (Буюртмачи) тақдим этилади;

ўз навбатида, Буюртмачи тақдим этилган номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)ларни Низом талаблари асосида кўриб чиқади.

Бунда:

ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилган бўлса, расмий хат билан электрон шаклда Вазирликнинг info@mininnovation.uz электрон манзилига юборилади;

ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, номзодлар тавсия этилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига тегишли тартибда камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.

Шунингдек, Низомнинг 9-бандида белгиланган зарур ҳужжатларни кўриб чиқиш, мутахассислик фанидан чет тилида суҳбат ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини аниқлаш бевосита Буюртмачи томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Буюртмачиларнинг қуйи ташкилотларидан тўғридан-тўғри юборилган номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)лар Вазирлик томонидан кўриб чиқилмайди.

Буюртмачилар томонидан тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ёши 25дан 45гача бўлган илмий ва техник-муҳандис ходимлари илмий стажировка ўташга номзод сифатида тавсия этилади.

Номзодларнинг саралаш танловлари Вазирлик томонидан икки босқичда кўриб чиқилади. Бунда, қуйидагилар:

биринчи босқичда 1-иловада кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ
ва сифатли тарзда тақдим этилиши;

иккинчи босқичда номзодлар тақдимот ҳимоясида хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада билиши
ва қўллай олиши;

илмий стажировканинг мақсад ва вазифаларининг долзарблигига ҳамда илмий ёки иқтисодий самарадорлиги;

илмий стажировканинг илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасасининг йўналишлари, эҳтиёжлари ва талабларига мослиги юзасидан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб қилинади.

Қўшимча тарзда, танловни ўтказиш билан боғлиқ тартиб ва талаблар билан Вазирликнинг расмий веб-саҳифаси www.mininnovation.uz да танишиш мумкин.

1-Илова

2-Илова

Маълумот учун:

Илмий стажировкаларни ташкиллаштириш ва илмий лаборатория ускуналарини харид қилиш бўлими бошлиғи Сарварбек Тахиров, т.: (90) 989 24 05, S.takhirov@minninovation.uz,

бош мутахассис Тоиржон Кабашев, т.: (93) 180 69 29, toir1981@mail.ru

етакчи мутахассис Мухсинбек Жўрабеков, т.: (90) 175 95 25, mjurabekov@mininnovation.uz