Янгиликлар

Божхона институти курсантлари Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди

Мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда ёш тадқиқотчиларга яратилган имкониятлар билан Божхона институти курсантлари ва профессор-ўқитувчиларни таништириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар Вазирликнинг кўргазмалар залида иқтидорли талабалар, ёш олимлар томонидан яратилган янги инновацион маҳсулотлар намуналари, дастурий таъминот маҳсулотлари, истиқболли лойиҳалар ва илмий ишланмалар билан танишдилар.

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Олимжон Тўйчиев мамлакатимизда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди. О.Тўйчиев ёш тадқиқотчилар, интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазирлик ҳузурида фаолият олиб бораётган Ёшлар академиясига Божхона институтида таҳсил олувчи курсантларни таклиф этди. Ёшлар академиясига аъзоликка қабул қилинган иқтидор эгалари ўзларининг янги ғояларини амалиётга татбиқ этишда бир қанча имкониятларни қўлга киритишлари ҳақида тушунтирди.

Бугунги кунда иқтидорли ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга кенг жорий этиш орқали мамлакат илмий-техник тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларига имкониятлар яратилмоқда. Инновацион технологияларга қизиқиши баланд бўлган ёшларни кашф этиш ва уларнинг янги рақобатбардош илмий ва амалий ишланмаларини ҳаётга татбиқ этишга сафарбар этиш жуда муҳим.