Янгиликлар

Сунъий интеллект технологик ривожланишнинг асоси

Юртимизда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, уларни кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, бир сўз билан айтганда, соҳани жаҳон талаблари даражасида ривожлантиришга қаратилган кўплаб вазифалар белгилаб берилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун  шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори қабул қилинди.

 Бугунги кунда қон босимимизни ўлчайдиган, қадамимизни ва сарфлаётган энергиямизни ҳисоблаб бераётган “Ақлли соатлар”, бизга GPS манзили бўйича йўл кўрсатаётган “Ақлли хариталар”, маълумотларни қайта ишловчи турли қидирув дастурлари кун сайин ҳамроҳимизга айланиб бормоқда.  

 Эътиборлиси, мамлакатимизда мазкур йўналишларни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар жадаллашмоқда. Фаолияти кенгайиб бораётган “IT  парк”лар, “Миллион дастурчи”,  “Ёшлар технопарклари” соҳа истиқболига умид уйғотади.  

 АҚШ, Германия, Япония, Франция, Корея, Канада каби 30 дан ортиқ давлатларда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиялари қабул қилинган. Президентимизнинг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун  шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам “Рақамли Ўзбекистон –  2030” стратегиясига мувофиқ ҳамда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қабул қилинди.  

 – Сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш учун  биринчидан, молиявий механизмлар ишлаб чиқилади, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси Анвар Мирзаалиев. – Бунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”да махсус ҳисобрақами очилиб, маблағлар сунъий интеллект лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, стартап лойиҳаларни молиялаштириш  механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинади.

 – Сунъий интеллект бу – компьютерларда одам каби ўйлаш ва ҳаракат қилишга йўналтирилган технологиядир, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази директори Азиз Отабеков. – Сунъий интеллект ишлаш учун катта қувватли компьютерлар, маълумотлар,   сунъий интеллект алгоритмлари керак. Бу ихтиёрий бир соҳани автоматлаштириш, катта маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда катта ютуқларга эришишга ёрдам беради.  

 Ушбу қарор билан 2021-2022 йилларда сунъий интеллект технологияларини ўрганиш ва жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур доирасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ва норматив ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш, давлат хизматларини сифатини оширишда бундан кенг фойдаланиш, соҳада инновацион ишланмаларнинг маҳаллий эко тизимини яратиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

 Қарор билан 2021-2022 йилларда амалга оширилаётган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳалар рўйхати ҳам тасдиқланди. Ушбу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, молия,  банк, солиқ, энергетика, соғлиқни сақлаш каби  9 та иқтисодий ва ижтимоий  лойиҳани қамраб олади.  

 Қарорга мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун технологик шароитларни яратади.

 Инновацион ривожланиш вазирлиги сунъий интеллект соҳасида илмий-техник тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлашга масъул этиб белгиланди.

Қарорга мувофиқ рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда  иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида  сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, у асосида бошқарув ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотларнинг моделларини, алгоритмларини ва дастурий  таъминотни ишлаб чиқиш каби вазифаларга масъул саналади.  

  Қарор билан давлат органлари, тижорат банклари  йирик саноат корхоналари таркибида  сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича “Қўшма иттифоқ” ташкил этилмоқда. Мазкур иттифоқ сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқлари ва  ижтимоий соҳа,  давлат бошқарув тизимида жорий қилиш бўйича устувор лойиҳаларни тезкор ва биргаликда амалга ошириш, уларни ишлаб чикиш учун сарф-харажатларни оптималлаштириш, ушбу соҳада энг афзал амалиётларни давлат ташкилотлари ва органлари ўртасида  тарқатишга хизмат қилади.

 2021 йил 1 сентябрга қадар аҳоли ва зарурий фойдаланувчиларнинг сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминоти ҳамда бошқа маълумотлардан фойдаланиш учун  рақамли маълумотлар платформаси яратилади.  

 Айтиб ўтилганидек, Президент қарорида соҳага керакли мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2021-2022  ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университетида сунъий  интеллект йўналиши бўйича грант кадрларни тайёрлаш бошланади.  

 Ушбу таълим муассасаларининг ҳар бирига хориждан сунъий интеллект бўйича юқори малакага эга бўлган мутахассислар жалб этилади. Бундан ташқари, 15 та университетда сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқларида  ва давлат бошқаруви тизимида қўллаш бўйича махсус курслар ташкил этилади.  

 – Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект  мутахассислиги жорий этилади, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси Анвар Мирзаалиев. – Ушбу йўналишга ҳар йили  қўшимча 5 та докторантура ва тадқиқотчилар учун ўрин ажратилади. Ҳар йили Ўзбекистонда “Innoweek” инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилади ва бу йилги “Innoweek”  дастури сунъий интеллектга қаратилиб, унинг технологик ривожланишининг асоси  мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.  

 Фан ва технологиянинг ҳар қандай ютуғи инсоният тараққиётига хизмат қилиши керак. Мамлакатимизга  сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари замирида ҳам аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаш, шунингдек, соҳани  жаҳон талаблари даражасида ривожлантиришдек эзгу мақсад мужассамдир.

Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,  

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги  

Инновацион ишланмаларни жорий этиш  

илмий-амалий маркази мутахассиси