Янгиликлар

Олимлар томонидан яратилган янги технология ёрдамида кон-металлургия комбинатларида йилига қўшимча 15,0 млн. АҚШ қийматидаги қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилади

Тоғ-кон ва металлургия саноати энг йирик, давлатимизнинг иқтисодиётини асосий ташкил этувчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб, мазкур саноат тармоғида ялпи ички маҳсулотнинг 9.2% яратилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, ички ва ташқи бозорларга янги, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ўзлаштириш борасидаги ишларни амалга оширишда илмий ва инновацион фаолиятини олиб бориш аҳамияти ниҳоятда муҳимдир. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар йили иқтисодиёти тармоқларининг аниқ муаммоларини ҳал қилиш, рақобатбардош илмий ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий-тадқиқот лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали молиялаштирилиб, бажарилиб келинмоқда. Жумладан, геология соҳаси бўйича илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида жами 8,9 млрд. сўмлик 26та, шундан 2,8 млрд. сўмлик 9та фундаментал, 6,1 млрд. сўмлик 17та амалий лойиҳалар бажарилмоқда, 2020 йилда геология соҳасида илмий фаолиятга оид давлат дастури танловларида 6,25 млрд.сўмга тенг 5та лойиҳага грант маблағлари ва Навоий ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатларининг маблағлари ҳисобидан тенг шерикчиликда молиялаштирилмоқда.

Бажарилган илмий-тадқиқот лойиҳалар қаторида Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида тўпланган 3 миллиард тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини яратиш бўйича бир гуруҳ олимлар томонидан амалга оширилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаларнинг натижасида эришган ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Хусусан, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошидаги «Фан ва Тараққиёт» давлат унитар корхонасининг техника фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Якубов раҳбарлигида олиб борилган бир қатор илмий-тадқиқот лойиҳалари натижалари асосида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг саноат металлургик эритиш печларида техноген чиқинди ҳисобланувчи клинкернинг тикловчи хоссаларидан фойдаланган ҳолда, мис эритиш технологик жараёни модернизация қилиниб, мис эритиш жараёнида ҳосил бўладиган шлаклар билан миснинг йўқолиши камайтирилди ва клинкер таркибидаги мис, олтин ва кумуш металлари ажратиб олишга қаратилган қайта ишлаш қуввати юқори бўлган ва энергия тежамкор технологияси яратилди.

Ушбу илмий лойиҳаларни амалга оширишда Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ва комбинатнинг ишлаб чиқарилишида банд бўлган муҳандислар гуруҳи томонидан кўрсатилган бевосита амалий кўмаги ёрдамида шу натижаларга қисқа муддат ичида эришиш мумкин бўлди. Айниқса, бошқарув раиснинг биринчи ўринбосари - бош муҳандис, техника фанлари бўйича фалсафа доктори A.A.Aбдуқодиров ва бош муҳандисининг технологиялар бўйича ўринбосари A.М.Сайназаров саъйи-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ.

Олинган назарий, экспериментал тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш синовлари натижалари 165та илмий ишларда ёритилган бўлиб, шу жумладан иккита монография, иккита ўқув қўлланма, битта муаллифлик гувоҳномаси ҳамда янги ишлаб чиқилган технологияларига 3та Ўзбекистон Республикасининг патентлари олинган.

Энг асосийси эса, олимлар томонидан ишлаб чиқилган ва жорий этилган янги технология ёрдамида кон-металлургия комбинатларида йилига қўшимча 792,584 тонна мис, 43,3935 кг олтин ва 10915,68 кг кумуш ишлаб чиқариш имконияти яратилди ва ҳар йиллик иқтисодий самараси 15,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мис эритиш шлакларидан барча қимматбаҳо моддаларни максимал даражада ажратиб олингандан сўнг, шлакларни тўплаш зарурияти бўлмайди ва улар учун ажратиладиган майдонлари бўшатилиб, комбинатнинг ишлаб чиқариш заруриятларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мақсадлар учун фойдаланиб, қўшимча даромад олишга имконияти пайдо бўлади. Ҳамда шлак қолдиқларидан қурилиш материалларни ишлаб чиқиш технологиясини яратилиб, комбинат учун янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мумкин бўлади. Бу эса олимларимиз олдида янги марраларни забт этиш учун янги мақсад ва вазифалар қўйилиши демакдир.

Шаҳноза Камилова,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Саноатни ривожлантириш бўлимининг бош мутахассиси