Янгиликлар

Италия технопарклари билан алоқалар ўрнатилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси кўмагида Италия технопарклари ва Ўзбекистондаги мавжуд технопарклар ўртасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва истиқболли алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича онлайн учрашув ташкил этилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Италия давлатлари ўртасида инновацион инфратузилмалар хусусан, технопарклар, инновацион марказлар, илмий парклар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма дастурлар ва истиқболли стартап лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашувда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари О.Тўйчиев, Ўзбекистоннинг Италия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси О.Акбаров ва вазирликнинг тегишли бошқармаси ходимлари, Яшнобод инновацион технопарки вакиллари билан бир қаторда Италия томонидан «Италия-Ўзбекистон» савдо-саноат палатаси раиси Луиджи Иперти, InnovUp инновацион ва стартаплар уюшмаси раҳбари ўринбосари Фабрицио Коничелла, Италиянинг AREA Science Park, Hub Innovazione Trentino, Bioindustry Park Canavesse, Tecnologico di Navacchio каби технопарклар директорлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, InnovUp Италиянинг илғор инновацион ва стартапларни ривожлантириш экотизими бўлиб, у ўз ичига инновацион марказлар, илмий технопарклар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, инкубаторлар, акселераторлар, инвесторларни бирлаштирган инновацион тармоқлар бирлашмаси ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Италия технопарклари вакиллари ўзларининг тақдимотлари билан иштирок этишди ва янги лойиҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда келгусида стартапларни қўллаб-қувватлаш, вебинарлар, мутахассислар алмашув дастурлари, хусусий сектор ва давлат секторлари ўртасида ҳамкорлик (PPP cooperation) бўйича ҳам алоқаларни кенгайтириш масалаларига қизиқиш билдирилди.

Мазкур учрашув давомида ҳозирги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Стартаплар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юқори баҳоланди ва қонун лойиҳаси юзасидан ўзларининг таклифларини ва келгусида ушбу Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдиришди.

– 2012 йили Италияда «Стартаплар тўғрисида»ги қонуни қабул қилингач мамлакатимизда стартап лойиҳа ва компанияларнинг сонини сезиларли даражада ортди, – деди Италиянинг InnovUp инновацион ва стартаплар уюшмаси раҳбари Фабрицио Коничелла. – Қонун стартапларни тўлиқ қўллаб-қувватлашда ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат мамлакатда янги инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, маҳсулотларни тижоратлаштириш, янги хизмат турларини жорий этишни кенгайтиришга мўлжаллангани билан муҳим. Ўз ўрнида Италияда янги лойиҳаларни амалиётга жорий этишда илмий парклар, технопарклар ва олий таълим муассасалари ҳамкорлиги юқори даражада.

Италия томонининг стартап лойиҳаларни амалиётга жорий этишдаги илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур соҳада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.

Учрашув якунида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопарки билан Италиянинг InnovUp инновацион ва стартаплар уюшмаси технопарклар ўртасидаги ҳамкорликни, стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва ўзаро тажриба ва инновацион лойиҳалар алмашиш тизимини жорий қилиш бўйича англашув Меморандумини тайёрлаш ва ўзаро имзолаш ҳамда келажакда ушбу соҳада Италия—Ўзбекистон ҳамкорлигини кучайтиришга келишиб олинди.