Янгиликлар

Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга сафарининг илк кунида қатор келишувларга эришилди  

28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Савдо саноат палатаси раиси Адхам Икромов ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат делегация Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди.

Ҳиндистоннинг Илм-фан ва технологиялар вазирлигида бўлган учрашув натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь ойида юртимизнинг 20 нафар ёш олими Ҳиндистоннинг етакчи университетлари ва илмий марказларида қисқа муддатли стажировкалар ўташларига келишилди. Стажировкалар Ҳиндистоннинг Илм-фан ва технологиялар вазирлиги билан ҳамкорлигида ташкил этилади. Мазкур тажриба ёш олимларнинг ҳинд илмий ютуқларини ўрганиш, Ҳиндистон илмий марказлари ва университетлари лабораторияларида тадқиқотлар олиб бориш ҳамда келгусида қўшма лойиҳаларни олиб бориш учун замин яратиши кутилмоқда.

 

Стажировкалар дастурининг илк қатнашчилари 3та йўналиш — биотехнологиялар, био хилма-хиллик ва генетика; Катта маълумотлар (Big Data) ва фармацевтика соҳаларида ўз билимларини ошириш, тажриба алмашишларига шароитлар яратилади.

 

Инновацион ривожланиш вазири, шунингдек, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритаётган ҳиндистонлик ишбилармонлар билан ҳам учрашиб, уларнинг инновацион маҳсулотларини вазирликнинг янги қурилаётган биносида жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борди. Ҳиндистонлик ҳамкорлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларига юқори баҳо бериб, технологиялар трансфери иккала мамлакатнинг инновациялар соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқаларига хизмат қилишини таъкидладилар.

 

Ўзбекистон делегацияси Гужарат штатининг Аҳмадобод шаҳрига етиб келди. Жорий йилнинг январь ойида Президентимизнинг “Жўшқин Гужарат” IX халқаро инвестицион саммитидаги иштироки ва бу нуфузли тадбирдаги ташаббуслари натижасида Ҳиндистоннинг мазкур маъмурий ҳудуди билан яқин алоқалар ўрнатиш йўлида амалга оширилаётган ишлар республикамиз инвестицион муҳитига ижобий таъсир кўрсатиб, илм-фан ривожига, юртимиз иқтисодиётининг турли соҳаларига инновацияларни жорий этилишини фаоллаштиришга хизмат қилади.