Янгиликлар

ONLINE. InnoWeek.uz-2019. Иброҳим Абдураҳмонов: Инновацион ғоялардан тараққиёт сари

"Инновик-2019" доирасида Инновацион ва инвестицион форум ўз ишини бошлади. Унинг очилишида Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Армения Республикаси Юқори технологияли саноат вазири ўринбосари Гегам Варданян иштирок этишди. 

Халқаро инновацион-инвестицион форум доирасидаги қуйидаги мавзуларда семинарлар бўлиб ўтади:

  • Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон Республикаси кўрсаткичларини яхшилашга доир таклифларни ишлаб чиқиш бўйича давра суҳбати.
  • Қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган инновацион ечимлар мавзусидаги семинар.
  • Сунъий интеллект – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида амалга ошириш ва ривожланиш истиқболлари тўғрисидаги семинар.
  • Нефть ва газ соҳасидаги инновацион фаолият мавзусида семинар.

Иброҳим Абдураҳмонов: “Ҳар йили октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Ўзекспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида ўтказиладиган “InnoWeek” Инновацион ғоялар ҳафталиги маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқот ва инновацион марказлари, инвестиция жамғармалари, технология агентликлари, технопарклар, бизнес инкубаторлар ва акселераторлар вакиллари иштирок этадиган ноёб платформа вазифасини ўтамоқда.

Иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга илм-фан ютуқларини, замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш юртимиз жадал ривожланишининг муҳим шартидир. Бугунда жамият ва давлат секторининг барча соҳалари шиддат билан ривожланмоқда. Мамлакатимизнинг дунёдаги етакчи давлатлар қаторига кириши замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга қай даражада ва сифатда жорий этишимизга боғлиқ. Шундагина ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларимизни таклиф этиш имкониятига эга бўламиз.

Ўтган йили “2019—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси” қабул қилинди. Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражаси ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш деб белгиланди. Ана шу мақсадга эришишда Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириши учун ҳозирда амалий ишлар олиб борилмоқда. Барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш шулар жумласидандир.

Ҳозирда юртимизда илмий тадқиқотларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, тадқиқотлар натижаларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш учун таълим, илм-фан ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйилмоқда. Бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида изланишлар олиб борилмоқда. Бу борада бир неча кун аввал бўлиб ўтган давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган Инновация кунлари натижалари ҳам ўз самарасини беради, деб ўйлаймиз.

Мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, хусусан муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам инновацион ривожланиш йўлимизнинг яна бир жабҳаларидан биридир. Рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклиги асосида тадбиркорлик фаолиятига янги қувват бағишлаш орқали иқтисодиётимиз ривожланаётгани, демакки, инновацияларни яратиш ва жорий этиш имкониятлари кенгаяётгани жамиятимизнинг янгилаётганидан дарак бермоқда, деб айтиш мумкин.

Илмий-техник, инновацион ва стартап лойиҳаларига грантлар ажратишнинг янгиланган тизимини жорий этилиши билан бир қаторда инновацион ривожланиш стратегиясини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Яқин кунларда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг ҳам тасдиқланиши кутилмоқда.

“InnoWeek” Иккинчи халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги Ўзбекистон инновацион экотизимини ривожлантиришга, хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар ва потенциал инвесторларнинг янги инновацион технологиялар билан танишишларига, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ишончли шерикларни топишга хизмат қилади. Ҳафталик доирасидаги ўтказилган учрашувлар, семинарлар, маърузалар, мусобақалар, маҳорат дарслари тадбирга ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг инновацион тафаккурининг ошишига, унинг ижодий салоҳиятининг мустаҳкамланишига ёрдам беришига ишончим комил.