Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Жамоатчилик Кенгашининг аъзоси “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлди!  

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи Лола Муротова “Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвони билан тақдирланди. Лола Муротова Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Жамоатчилик Кенгашининг аъзосидир. 

Бутун умр ҳалол меҳнат қилиб келаётган Лола опа қўша-қўша орденлар, хусусан, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” деган фахрий унвонга сазовор бўлган.

Меҳнат фаолияти давомида тракторчи, оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, ва ниҳоят, хўжалик раиси бўлди. Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ерларида пахта, бошоқли дон етиштиришда катта муваффақиятларга эришиб, фермерлик соҳасида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратди.

– Оддий бир қишлоқ аёлига Президентимизнинг кўрсатган юксак эътиборидан бошим осмонга етди, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Л. Муротова ЎзА га берган интервьюсида. – Ҳеч қачон бу ҳақда ўйламагандим. Вилоят ҳокимимизнинг ўзлари биринчилардан бўлиб табриклаб, шундай деганларида рости жуда ҳам ҳаяжонландим. Бундай эъзоз ва эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз маданияти ва маънавиятини юксалтириш, миллий ғояни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёрқин истеъдоди ва серқирра ижоди, илмий-инновацион фаолияти, самарали хизматлари, ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамюртларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Улар қаторида Инновацион ривожланиш вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, халқимизнинг севимли санъаткори Абзал Рафиқов “Фидокорона хизматлари учун” ордени, вазирлик ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлар раислари – ёш академик олим Комилжон Тожибоев ва профессор Абдулхамиджон Анарбаев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландилар.

Уларни вазирлик номидан табриклаймиз!

 

Фото: https://www.pv.uz/uz/news/fermer-milliarder-lola-murotova