Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Хитойнинг илм-фан ва техника вазири билан учрашди  

 

Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Хитой Халқ Республикасига расмий сафари доирасида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 28 август куни Хитойнинг илм-фан ва техника вазири Ван Чжиган билан учрашди. Жаноб Чжиган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг икки давлат ўртасидаги илм-фан ва технологиялар соҳасидаги алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашдаги ҳиссасига юқори баҳо берди, Ўзбекистон билан бу соҳадаги алоқаларни ўрнатиш Хитой томони учун муҳим эканини таъкидлади.

 

И. Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон—Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг илмий-техникавий ҳамкорлиги доирасида “Иқтидорли ёш олимлар” дастури бўйича ишлар олиб борилаётганини гапираркан, мана шу дастур орқали муносабатлар янада мустаҳкамланишини қайд этди.

 

– Айни кунларда Ўзбекистон Республикасининг ёш олимлари ХХРнинг етакчи илмий муасассаларида стажировка курсларини ўташ учун жўнатилишига доир танлов эълон қилинган бўлиб, танловга аризалар топшириш жараёни давом этмоқда, — деди Инновацион ривожланиш вазири. — Жорий йилнинг сентябрь ойида эса 20 та мақсадли лойиҳалар танлови эълон қилинади. Танлов ғолибларининг лойиҳалари 2020 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон ва Хитой томондан молиялаштирилади.

 

Хитойнинг илм-фан ва техника вазири Ван Чжиган мазкур танловни ўтказиш ва молиялаштириш регламенти яқин кунларда ўзбекистонлик ҳамкорларга жўнатилишини, ва ўзаро келишилган ҳолда шаффофлик ва очиқликка асосланган танлов қонун-қоидалари тасдиқланишини айтди.

 

— Ўзбекистонлик ёшларнинг Хитойда таълим олиши келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг сифатини кўтаришга қаратилган, — деди хитойлик вазир. — Ёшлар жамиятнинг энг муҳим бўғимидир, келгусида фойда олиш истагимиз бор экан, аввало, ёшларга инвестиция қилишимиз керак.

 

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон–Хитой қўшма технопаркларини яратиш ва ривожлантириш борасида ҳам фикрлар алмашдилар. Хусусан Ўзбекистондаги технопарк ходимлари ва резидентларидан иборат мутахассислар Хитойда соҳага доир амалиётдан ўтишлари борасида келишилди. Бундан ташқари, Хитой билан ҳамкорликда дори воситалари субстанциялари (биологик фаол моддаси)ни кимёвий синтез қиладиган қўшма тиббиёт технопарки ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.