Янгиликлар

Ихтирочи Жаҳонгир Маҳкамов билан учрашув ҳақида баёнот

Жорий йилнинг 28 январь куни ихтирочи Жаҳонгир Маҳкамов кўп маротабалик музокаралардан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди. Жаҳонгир Маҳкамовни вазирликнинг Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Мирзиёд Мирсаитов қабул қилди. Суҳбат чоғида М. Мирсаитов томонидан Ж. Маҳкамовга вазирлик томонидан ташкил этиладиган стартап лойиҳалар танлови, бу танловга топширилиши керак бўлган ҳужжатлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, Ж. Маҳкамовга ўтган йили стартап лойиҳалар танловига топшириладиган ҳужжатлар рўйхати, ариза бланки берилган, лекин у бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра, ариза топширмаган. Кеча Ж. Маҳкамов ўзи томонидан “адвокатим” деб таништирилган ҳамроҳи билан келди ва адвокатига ҳам стартап лойиҳаси бўйича барча маълумотлар берилди, уларнинг ҳамма саволларига тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.

Оғзаки суҳбат давомида Ж. Маҳкамов ихтиросини патент олиш учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига хам ҳужжатларини топширмаганини, хорижий патент агентликларига ҳам ҳужжат топширмагани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Жаҳонгир Маҳкамов суҳбат жараёнини суратга олишимизни, журналистларга унинг телефон рақамини беришимизни истамади. Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати Ж. Маҳкамовга ижтимоий тармоқларда унинг телефон рақамини сўраган журналистлар ва унинг ихтиросига бефарқ бўлмаган фуқаролар борлиги ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги Жаҳонгир Маҳкамовнинг лойиҳасини такомиллаштириш ва у муваффақиятли деб топилганида ишлаб чиқишга жорий қилишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Бунинг учун Жаҳонгир Маҳкамовдан ихтирога боғлиқ ҳужжатларни, шунингдек унинг ишланмасини такомиллаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун кетадиган сарф-ҳаражатларнинг сметасини, бизнес режасини тақдим этиш талаб этилади.

Ўзбекистон ҳукумати ихтирочи олимларни, ҳамда тадқиқотчиларни қўллаб-қувватламоқда. 2019 йилда вазирлигимиз томонидан 2 маротаба ташаббускор, 2 маротаба стартап, 3 та халқаро ҳамкорлик ва 190 дан ортиқ мавзуга оид лойиҳаларга буюртма танловлари эълон қилиниб, жами 91 млрд. сўм миқдорида 110 та илмий-техник лойиҳалар тасдиқланди. Жумладан, илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, 2019 йилда 31 та стартап лойиҳаларга 28,2 млрд. сўм йўналтирилди.

Қадрли ихтирочилар ва тадқиқотчилар! Танловларда иштирок этинг, ўз ихтироларингизни юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ривожи учун йўналтиринг. Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий асосланган, тажрибалардан муваффақиятли ўтган ихтироларни қўллаб-қувватлашга тайёр!

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ахборот хизмати