Янгиликлар

Туризм соҳасида илмий ҳамкорликни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан туризм соҳасида илмий ишлар ва тадқиқотлар олиб борувчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари иштирокида “Туризм соҳасини инновацион ривожлантиришда илм-фан ҳамда инновация ютуқларидан кенг фойдаланиш» мавзусида онлайн форматда давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувнинг асосий мақсади туризм соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш, шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлар ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожланишга қаратилди.

Давра суҳбатида Инновацион ривожланиш вазирлигининг илм-фан ва илмий техникавий тадқиқотларни ривожлантириш йўналишидаги ходимлари туризм соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, халқаро грантлар ва аккредитация ҳамда ёш илмий кадрларни қўллаб-қувватлаш бўйича маърузалари билан иштирок этишди. Шунингдек, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимларига Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мазкур йўналишни тартибга солувчи норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар бўйича ҳам тушунтириш берилди. Эълон қилинган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида лойиҳа танловларини ташкил этиш, хорижий грантлар билан ишлаш, лойиҳаларни молиялаштириш бўйича иштирокчилар томонидан берилган саволларга Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари жавоб беришди.

Тадбир якунида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ушбу йўналишни ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.