Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Наманган муҳандислик-технология институти олимларининг лойиҳалари билан танишди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Наманган муҳандислик-технология институти олимлари билан учрашди. Учрашувда вазир олимларнинг илмий лойиҳалари билан танишди.

Ҳозирда институтда 22 та ихтисослик бўйича 39 нафар докторант ва 42 нафар мустақил изланувчи ўз илмий тадқиқотларини олиб бормоқдалар. Университетда мунтазам равишда илмий конференция ва семинарлар, турли анжуманлар ўтказилиб туради.

Бошқа лойиҳалар билан бир қаторда И.Абдураҳмоновга институт олимлари томонидан яратилган пахта тўқимачилик кластерлари учун автоматлашган бир камерали икки цилиндрли жин машинаси инновацион лойиҳаси намойиш этилди. Мазкур ускуна пахтани дастлабки ишлаш корхоналарида энергия сарфини камайтиришга ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Олиб борилган кенг қамровли назарий ва амалий тадқиқотлар асосида институт олимлари томонидан бир камерали икки цилиндрли жин машинаси ихтиро қилинган ва унга патент ҳам олинган. Бу ускуна мавжуд жин машиналаридан энергия ва ресурс тежамкорлиги ҳамда толани сифатини сақлаган ҳолда юқори иш унумдорлиги билан фарқланади. Мазкур ускуна Ўзбекистон ва Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон каби яқин хориж мамлакатларининг пахта тўқимачилик корхоналарида фойдаланиш мумкин.

Вазир шунингдек, Наманган муҳандислик-технология институтининг илмий лабораториялари фаолияти, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Олимлар ва тадқиқотчилар томонидан яратилган маҳсулотларни тижоратлаштириш масаласида амалий кўмак берилишини таъкидлади.