Янгиликлар

Оҳангарон Ёшлар технопарки очилди

2021 йил 17 февраль куни Оҳангарон шаҳридаги Тошкент вилояти Ёшлар технопаркининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ёшлар, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимияти масъуллари, кўплаб ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев ва Тошкент вилояти ҳокими в.б. Даврон Ҳидоятов очиб берди.

– Оҳангарон шаҳрида барпо этилган Ёшлар технопарки ўқувчи ва талабаларнинг, касб ўрганаётган ёшларимизнинг техник йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни муҳандислик соҳасига қизиқишини ошириш, бор билимларини мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш мақсадида барпо этилди, – деди О. Тўйчиев. – ёшларнинг бу даргоҳда эришган ютуқлари, амалга оширган лойиҳалари, ғояларни маҳсулотга айлантириш йўлидаги ишларнинг бари Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очилиши керак бўлган Ёшлар технопаркига намуна булади. Биринчи бўлиш қийин ва масъулиятли. Мана шу биринчиликни ҳар жабҳада сақлаб қолишингизни, яратилган имкониятлардан фойдаланиб, жамиятимиз, халқимиз ва ватанимиз учун фойдали ишланмалар яратишингизни тилаб қоламан.

Ҳудудларда ташкил этилаётган Ёшлар технопаркининг асосий мақсади ёшларни интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш, ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш, уларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳудудлардаги Ёшлар технопарклари босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Ёшлар технопарклари ҳудудлардаги ёшларни инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга катта туртки бўлиши ҳамда унинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини ошириши кутилмоқда.

Ёшлар технопаркларининг илк қалдирғочи Тошкент вилояти Ёшлар технопарки Оҳангарон шаҳрида қуриб битказилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги маблағлари ҳисобидан замонавий лаборатория ускуналари ҳамда техникалари харид қилинди. Ушбу технопаркда ёшлар робототехника ва мехатроника, электроника, 3Д прототиплаштириш, 3Д моделлаштириш, дастурлаш каби келажак касблари бўйича таълим олишади. Ушбу йўналишлар бўйича ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишади, лойиҳаларнинг акцелерация жараёнларини амалга оширади ҳамда тижоратлаштиради. Оҳангарон шаҳридаги Ёшлар технопарки Тошкент вилояти миқиёсида фаолият юритади. Тошкент вилоятидаги шаҳарлар ва қишлоқлар бир-биридан анчайин узоқ масофада жойлашгани учун Инновацион ривожланиш вазирлигининг “TexnoBus” мобил таълим платформаси вилоятнинг турли ҳудудларида ёшларга замонавий йўналишларда таълим беради ҳамда иқтидорли ёшларни Тошкент вилояти Ёшлар технопаркига жалб этади.

Тошкент вилояти Ёшлар технопарки директори Ойбек Тўйчиев тадбир иштирокчиларини технопаркнинг келгуси режалари ҳақида гапирди. Технопаркка келган ёшлар ўз таклифлари, хоҳиш ва истакларини изҳор этдилар. Хусусан ёш олимларнинг хорижий илмий нашрларда мақолаларини чиқариш бўйича харажатларини қоплаш, технопаркда академик инглиз тили курсларини ташкил этиш масалалари кўтарилди ва уларга ижобий ечимлар топилди. Оҳангарон шаҳар ҳокими Ёшлар технопарки аъзоларига 10 та замонавий ноутбук тақдим этди.