Янгиликлар

Фарғона Ёшлар инновация маркази  2021 йилда 5 та стартап лойиҳани амалга оширади

Республикамизда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган қурилиш материаллари саноатидаги таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Ёшлар инновация маркази” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалари ҳам мана шу ишларнинг бир кўринишидир. Улар ёшларнинг инновацион тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва имкониятларини кенгайтириш, юқори тижорат салоҳиятига эга, рўёбга чиқаришга тайёр бўлган истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион салоҳиятидан кенг фойдаланишга қаратилган.

IZOFULL – иссиқликни сақловчи нано материал

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материалларининг тезкорлик билан амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишини таъминланиши кўрсатиб ўтилган.  “Махаллий хом ашёдан энергия тежамкор нано-суюқ иссиқлик изоляция қопламаси “IZOFULL” ишлаб чиқаришни ташкил этиш” стартап лойиҳасини Фарғона Ёшлар инновация маркази ҳамда Фарғона политехника институти Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими билан ҳамкорликда 18 ойда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, лойиҳани умумий 850 млн. сўм миқдорида молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда самарадорликка эга бўлган ва ишлатилиши қулай замонавий иссиқлик сақловчи материаллар, шу жумладан, хориждан импорт қилинаётган энергия тежамкор суюқ нано қоришмали иссиқлик сақловчи қопламаларнинг қимматлиги, анъанавий энергия сақловчи изоляция материалларининг етишмаслиги, шу билан бирга уларднинг оғирлиги, эксплуатация қилишнинг ноқулайлиги ҳамда ишлатиш муддатларининг пастлиги каби муаммолар мавжудлиги мазкур лойиҳа мавзусининг долзарблигини белгилайди.

Ҳозирда бозорда алюминоборосиликат ёки керамик микросфераларни (ичи бўш-вакуум шарчаларни) ўз ичига олган “Thermal-Coat”, “Mascoat”, “Bioni-Shield” каби импорт қилинган суюқ иссиқлик изоляцион аралашмаларнинг бир нечта маркалари мавжуд. Лекин импорт қилинадиган аналоглардан кенг фойдаланишга уларнинг баланд нархи тўсқинлик қилмоқда. Маҳаллий хомашё ва асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда рақобатбардош экологик тоза ва импорт қилинаётганларга нисбатан 2-3 баробар арзон энергияни тежайдиган суюқ иссиқлик изоляцион қопламаларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун лойиҳада мутлақо янги юқори технологияли композицион материал — "IZOFULL" нано-суюқ иссиқлик изолация қопламаси сифатида таклиф этилади."IZOFULL" нано-суюқ иссиқлик изолация қопламаси иссиқ сув ва буғ ҳосил қилиш қурилмаларини, мухандислик тармоқлари қувурларини иссиқлик изоляцияси, гидроизоляция ва коррозиядан, бино ва иншоотларнинг деворларини ташқи ва ички қисмларини иссиқлик йўқотишлардан, намгарчиликдан, моғорлашдан ҳимоя қилади.

"IZOFULL" нано-материали анъанавий бўёқ каби ишлатилади: чўтка, роликли, паст ва юқори босимли пуркагичларлардан фойдаланилади. Суркалган суюқ изоляция қуригандан сўнг, юза билан яхши адгезияга киришиб, паст иссиқлик ўтказувчанлигига, гидроизоляция, фунгицид (мағорга қарши), коррозияга қарши хусусиятга эга полимерқопламани ҳосил қилади.

"IZOFULL" нано материалнинг иссиқликни сақлаш, коррозиядан химоя қилиш, ёнғинга чидамлилик ва ихчамлиликни таъминлаш каби ноёб хусусиятлари  туфайли мазкур энергия тежамкор суюқ иссиқлик изоляциясини юртимиз халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўллаш мумкин. Масалан, кимё саноатида иситиш ёки совутиш билан ишлайдиган реакторларни иссиқлик изоляцияси учун қўллаш реактордаги махсулотни иситиш ёки совутишд аэнергия харажатларини камайтиради, коррозиядан сақлайди ва ишлаш муддатини узайтиради. Бино ва иншоотларни ташқи ва ички деворларига суюқ изоляция билан ишлов бериш иссиқлик сақлашни таъминлайди, деворлар музлаши, моғорланиши ва намланишининг олдини олади, ушбу ишларнинг бажарилиш нархи вақтини сезиларли даражада камайтиради ва хонадаги микрокилимитни яхшилайди. Ёки уй-жой коммунал хизматида иссиқ сув таъминоти ва иститиш қувурларини суюқ изоляция билан қоплаш коррозиядан ҳамда иссиқлик йўқотишлардан сақлайди, газ ва электр энергияни тежайди. Шунингдек, энергетика ва металлургияда: буғ генераторларини, буғ қувурларини, сув иситгичларни суюқ изоляция билан қоплаш иссиқлик сақланишини таъминлайди, қувурларни гидроизоляциялаб, коррозияни камайтиради ва қурилмаларни узоқ муддат ишлашини таъминлайди.

 

“Ақлли логистика” мобил иловаси юк машина ҳайдовчиларига қулайлик яратади

Бутун дунёда Covid-19 пандемияси кенг тарқалган ҳозирги вақтда республикамизда карантин талаблари жорий этилмоқда. Бундай шароитда инсонлар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш ва шу шароитда фуқаролар учун қулай сервис хизматларини кўрсатиш долзарб масала бўлиб, инновацион ечимлар асосида турли тармоқ ва соҳаларда мавжуд муаммоларга ечим топиш талаби юзага келмоқда.

Ушбу шароит ва талабдан келиб чиқиб, Фарғона Ёшлар инновация маркази томонидан Smart logistic” мобил иловасини яратиш бўйича стартап лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу стартап лойиҳаси 12 ойда амалага оширилиш режалаштирилган бўлиб, 500 млню сўм миқдорида молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда биргина Фарғона шаҳридан ўртача кунига 100 дан ортиқ такси ва юк машиналари шаҳарлараро қатновларни амалга оширади. Ҳар бир такси такси ўртача 10 минг сўмдан автотураргоҳларга тўлов ҳақи тўлайди ва мижоз тўплаш учун 3-5 соат вақт сарфланади. Юк машиналарининг эса  бир кунлик автотураргоҳ тўлови ўртача 30 минг сўмни ташкил этади ва юк тўплаш учун ўртача 2-5 кунгача вақт сарфлашади. Бугунги пандемия шароитида такси ва юк ҳизмати кўрсатувчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фуқаролар ва мижозлар учун қулай такси ва юк ташиш ҳизматларини кўрсатиш кўзда тутувчи мобил илова яратилмоқда.  

Ақлли логистика мобил иловаси орқали шаҳарлараро такси хизматидан фойдаланиш, машина русимини, вақтини танлаш ва буюртма бериш имкониятини беради, ўз навбатида ҳайдовчи ўз йўналишидаги йўловчиларни топиши ва қисқа муддатда можозларни тўплаш имконияти яратилади.

Кутилаётган натижалар ва уларнинг аҳамияти (кутилган натижалар ва уларнинг илмий ва ижтимоий аҳамиятга эгалиги):

Юк машина ҳайдовчилари ўз ҳудуди атрофидаги юкларни мобил илова орқали топади ва манзилига қисқа муддатларда етказиб беради. Айниқса, такси машиналарини мобил илова орқали масофадан тез ва осон топиш, ҳам такси ҳизматини кўрсатувчилар, ҳам мижозларга қулайлик яратиш, уларни вақтини тежаш, ортиқча маблағларни сарфланишини олдини олиш ва юқори даражада сифатни таъминлайди,  такси ва юк ташувчиларга автотураргоҳларга кунлик тўловларни (15-30 минг сўм) тежаш имконини яратади (мобил илова аъзолик бадали 1 хафтада 10 минг сўм).

Тадқиқотнинг илмий янгилиги, қўйилган вазифаларни ҳал этиш ва режалаштирилган натижалари юк ташиш автомобиллари учун ўртача 2-5 кунда тўпланадиган юкларини 2 кунгача қисқартириш ва автотураргоҳ учун кунлик 30 минг сўмдан тўловларни тежаш имконини яратади (мобил илова аъзолик қақи ҳафтасига 10 минг сўм).

Бундан ташқари, лойиҳа ташаббускорлари ва яратувчилари мижозларнинг талаб ва таклифларини инобатга олиб, уларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб қўшимча имкониятлар яратилади. Лойиҳани амалга ошириш ва кейинги фаолиятида асосий эътибор “Мижозларнинг танлови биз учун муҳим” шиорига асосланади.

 

 

“Тоза сув” стартап лойиҳаси

Дунё аҳолиси ўсиб боргани сари сувга бўлган талаб ҳам ошмоқда, сув танқислиги бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон учун сув аҳолининг яшаш шароити ва жамиятнинг иқтисодий ривожланишини таъминлайдиган устувор ва ҳаётий манба ҳисобланади. Мамлакатимиз ярим қурғоқ минтақада жойлашган бўлиб, зарур сув ресурсларининг 80 фоизини дарёларнинг юқори қисмида жойлашган қўшни давлатлардан олади. Келажакда сувга бўлган талабни баҳолаш шуни кўрсатадики, иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги сезиларли даражада ошади. 

Тоза сувдан фойдаланишнинг қийинлашиши ва ичимлик сувининг ифлосланиши кўпинча гепатит, тиф ва ошқозон-ичак касалликлари каби касалликларнинг тарқалишига олиб келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, касалликларнинг 80 фоизи, шу жумладан саратон касаллиги ичимлик сувининг сифатсизлиги туфайли юзага келади. Хавфсиз бўлмаган сув манбалари йилига 1,2 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлади.

Сувни тортиб олиш ва дренажлаш соҳасидаги инновацион технологияларни ривожлантириш, шунингдек, қайта ишлатиладиган сувнинг улушини ва уни тозалаш сифатини нафақат истеъмол учун, балки технологик ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ошириш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мумкин. Шу билан бирга, ушбу технологиялар аҳолининг барча қатламлари учун молиявий жиҳатдан чўнтакбоп бўлиши муҳим роль ўйнайди. Чунки, сувнинг юқори нархи ва таъминотдаги узилишлар уй хўжаликларини муқобил манбалардан фойдаланишга ва маиший эҳтиёжлар учун сувни тежашга мажбур қилади, бу ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлиги ва гигиена қоидаларига таъсир қилади ва касаллик тарқалиш хавфини оширади.

Расмий маълумотларга кўра, шаҳарларнинг 88 фоизга яқини ва қишлоқ аҳолисининг 79 фоизи ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга. Бироқ фойдаланувчиларнинг атиги 17 фоизи доимий фойдаланиш имкониятига эга ва 65 фоиз фойдаланувчилар кунига олти соатдан кам вақт давомида сув олишади. Вазият, айниқса асбоб-ускуналарнинг узилишлари тез-тез учрайдиган ёки умуман марказлаштирилган сув таъминоти тизими мавжуд бўлмаган қишлоқ жойларда қийин. Мутахассисларнинг фикрига кўра, сув таъминоти тармоқларига уланиш имконияти бўлмаган ҳудудлар аҳолиси кунига 6 соатгача вақтини муқобил манбалардан ичимлик сувини ташишга сарфлашади.

Қишлоқ жойларда асосан қудуқлардан фойдаланилади, чунки чуқурлиги 5-10 м бўлган қудуқчалар сувни керакли ҳажмда етказиб бера олмайди, бунинг учун чуқурлиги 20-180 м гача бўлган қудуқ қазиш зарур. Қудуқлар ер ости сувлари билан озиқланади ва соатига 100-150 л гача сув чиқариб бера олади. Улар қишлоқ хўжалигини ифлослантирувчи моддаларга жуда сезгир. Ерга солинадиган барча моддалар — нитратлар, нитритлар, сирт фаол моддалар, пеститсидлар ва оғир металлар  қудуқ сувига тушиши мумкин.

Шаҳарлардаги ҳолат қишлоқникидан тубдан фарқ қилади. Тозалашнинг бир неча босқичлигига қарамай, сув қувурларидан келадиган сув иккинчи даражали ифлосланишни бошдан кечиради, бу эса уни истеъмол қилишдан олдин қайта тозалашни талаб қилади. Бундан ташқари, сув истеъмолчига етиб боргунга қадар, хлор моддаси қолдиқ органик моддалар билан реакцияга киришади ва уларни маълум бир қисмини жуда зарарли хлорорганик бирикмаларга айлантиради. Гарчи охирги пайтда шаҳар аҳолиси қадоқланган сувни истеъмол қилишга ўтишган бўлсада, аҳолининг асосий қатлами бундай кунлик харидга қодир эмас.

Юқорида айтилганларнинг барчаси фойдаланишдан олдин ичимлик сувини қўшимча тозалаш зарурати бор деган хулосага олиб келади. Бундай операция молиявий нуқтаи назардан мақбул бўлиши ва қишлоқ жойларида, айниқса марказлаштирилган сув таъминоти бўлмаган олис аҳоли пунктларида ҳам, инфратузилмаси ривожланган шаҳарларда ҳам тенг қўлланила олиниши керак.

“Тоза сув (Pure water)” стартап лойиҳаси муаллифлари энг мақбул ечим – кенг тарқалган пластик идишларга ўрнатилган сувни тозалаш учун арзон сорбсион фильтрлардан фойдаланишни таклиф қилади. Ушбу ечим икки хил вариантда: индивидуал ва умумий фойдаланишга мўлжалланган кўринишда тақдим этилади.

Сорбцион фильтрлар сувдан хлорорганик бирикмаларни (хлороформ, углерод тетрахлориди, бромодихлорометан ва бошқа моддалар), шунингдек оғир металларни (темир, қўрғошин ва бошқалар), механик бирикмаларни, бактерияларни ва айрим вирусларни чиқариб фильтрлайди.

Таклиф қилинаётган фильтрларда энг арзон фильтрлаш воситаларидан (фаоллаштирилган углерод ва полипропилен мембранаси) фойдаланади, аммо улар биргаликда ишлатилганда фильтрлаш самарадорлиги бир неча барабар ортади. Фаоллаштирилган углеродни танлаш материалнинг хусусиятлари билан белгиланади: у токсик эмас, турли хил моддаларни ўзининг 800-1500 м2/гр юзага эга пораларида ушлайди ва сақлайди.

Тақдим этилган дизайннинг қулайлиги туфайли фильтрни ўрнатиш ва ишлатиш махсус билимларни ёки малакали мутахассисларнинг иштироки ва ёрдами талаб қилмайди. Бундай амалий ечимларни чекка жойларда (қурилиш, дала тадқиқотлари), экологик ва технологик фалокатлар юз берганда қўллаш муҳимлигини таъкидлаб ўтиш муҳим.

Сувни тозалаш учун фильтрлар уй-рўзғор буюмлари дунёсида янгилик эмас, аммо ишлаб чиқариладиган маҳсулот аналоглардан қулайлиги, хажмининг кичиклиги, оддий аҳоли учун хамёнбоплиги билан фарқ қилади. Шунинг учун яқин келажакда ичимлик сувини фильтрлаш учун янги техник ечимни патентлашга қарор қилинди.

Ушбу стартап лойиҳаси Фарғона политехника институти “Умумий кимё” кафедраси олимлари билан биргаликда 11 ойда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 164 млн. 250 минг сўм миқдорида молиялаштирилиши кўзда тутилган.

 

 

 

Керамик ўйинчоқлар – болаларнинг миллий ўзлигини шакллантиради

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар, телевидение ва бошқа ахборот воситаларида ўйинчоқларнинг ёш болалар рухияти ва соғлиғига таъсири тўғрисида бахс-мунозаралар кўп учрамоқда. Дархақиқат, болалар ҳаётида ўйинчоқларнинг ўрни, аҳамияти улкан. Улар болаларга завқу-шавқ бағишлаш билан бир қаторда уларга билим беради, онг, нутқ ва дунёқарашлари шаклланишига ёрдам беради, баъзан эса, афсуски, уларда урф одатларимизга зид ҳамда маънавий ривожланишларига салбий таъсир кўрсатадиган хислатларни ривожлантириши мумкин.

Ёш авлодни ижодкорлик, креативлик ва конструктив фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш ҳамда миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга мос равишда тарбиялаш мақсадида ўз иқтидорларини намоён этишларига имконият яратиб бера оладиган,  шу билан бир қаторда бўш вақтларини мазмунли ўтказишга мўлжалланган, табиий тоза маҳсулотлар асосида ишлаб чиқариладиган керамик ўйинчоқлар яратиш мақсад қилиб кўйилган.

Ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган керамик ўйинчоқлар табиий маҳсулотлардан ясалиши боис болалар организми учун хавфсиздир. Улар болалар табиатини хисобга олган ҳолда текис юзали ва қирғоқлари ўткир бурчаксиз қилиб яратилади. Ҳозирда ўйинчоқларнинг уч хил тури ишлаб чиқаришга тайёрланган:

  • “Ўзинг бўя” – қўлланма орқали миллий нақшларда ёки боланинг ўз фантазиясидан келиб чиқиб буяшига мўлжалланган, дастлабки ишлов берилган кичик керамик идишлар (лаганчалар, кўзачалар) ҳамда бўяш учун керакли жихозлардан иборат тўплам.
  • “Бармоқ театри”- ўзбек халқ эртакларини бармоқлар орқали сахна кўриниши тариқасида намойиш этишга мўжалланган яримтайёр ўйинчоқлар тўплами.
  • ”Ёш қурувчи”- кўп маротаба ўйинчоқ бинолар йиғишга мўжалланган керамик ғиштчалар ва қоришма тўплами.

Бу лойиҳа амалиётга жорий этилиши бир вақтнинг ўзида Риштон керамикаси мактаби базасида янги йўналиш очилишига ҳамда ахоли бандлигини оширишга ҳам ҳизмат қилади. Шунингдек, миллий керамик ўйинчоқлар брендини шакллантириш чет эл маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган ўйинчоқлар турини қўпайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида импортнинг камайиши ва валюта тежалишига олиб келади.

Ушбу стартап лойиҳаси 12 ойда амалга оширилиш режалаштирилган бўлиб, 155,4 млн. миқдорида молиялаштирилиши кўзда тутилган.

 

 

Ақлли автомобил (Smart Car) билан автомобиль масофадан бошқарилади

 

Ҳозирги кунда инновацион фаолият тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса истеъмолчиларга замонавий муҳитга мослашишни тақозо этмоқда. Ақлли уйлар, ақлли шаҳарлар, ақлли телефонлар даврида ақлли машиналарга ҳам эҳтиёж ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг дунёда кам сонли автомобил ишлаб чиқарувчи давлатлардан бири эканлигини ва юқоридагиларни инобатга олиб ақлли машиналарни кўпайтириш замон талабига айланмоқда. “Smart Car” қурилмаси автомобилни уяли телефон орқали масофадан WI-FI тизими ёрдамида бошқарилади. Бу қурилмадан фойдаланиб машинани эшикларини очиш-ёпиш, дивигателни ўчириб-ёқиш, люк бошқаруви, автомобил светларини ўчириб-ёқиш, юкхонани очиш-ёпиш, хавфни билдириш, автоматик қулфлаш, вақт белгилаш, умуман 25 тага яқин функцияни амалга оширади.

Лойиҳа асосан инсонлар шахсий автомобиллари бошқарувини осонлаштириш ва қўшимча қулайликлар яратишга ҳизмат қилади. Хусусан, автомобилни масофадан бошқаришда қўшимча пултга эхтиёж сезилмайди, яни пулт ўрнига мобил телефон орқали бошқарилади. Ҳозирда қўлланилиб келаётган автомобил боқарув пулти ёрдамидаги “Magic car”да 8 та функция бўлса “Smart Car” ўрнатилган автомобилда 25 тага яқин функциялар бўлиб, тўлиқлигича мобил телефонда бошқарилади ва бу ўз навбатида автомобил эгалари учун барча қулайликлардан фойдаланиш билан бирга, автомобил ишлаб чиқарувчилар ва автомибилларга сервис хизмат кўрсатувчилар учун молиявий жиҳатдан сердаромад лойиҳа бўлиб ҳизмат қилади. Мазкур лойиҳа қисқа муддатларда ўзини молиялаштириш, яъни тижоратлаштириш имкониятларига эга бўлади.

“Smart Car” қурилмадан фойдаланиб, автомобилни уяли телефон орқали масофадан WI-FI тизими ёрдамида бошқарилади – автомобиль эшикларини очиш-ёпиш, дивигателни очириб-ёқиш, люк бошқаруви, фараларни ўчириб-ёқиш, багажни очиш, хавфни билдириш, автоматик қулфлаш, вақт белгилаш ва ҳ,к.

“Smart Car” қурилмаси автомобилни уяли телефон орқали масофадан Wi-Fi орқали 1 км.гача бошқариш, смс хабар орқали автомобилни бошқариш, шу билан бирга оффлайн бўлганда ҳам ишлатиш имкониятларини яратади.

Ушбу стартап лойиҳаси Фарғона Ёшлар инновация маркази  томонидан 12 ойда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 120 млн. сўм миқдорида молиялаштирилиши режалаштирилган.



Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан  мазкур 5 та лойиҳалар жами 1 789,66 минг сўм маблағ миқдорида шартномалар асосида молиялаштирилиши кўзда тутилган. Календарь режага мувофиқ 2021 йил 4 та, 2022 йил 1 та лойиҳалар якунига етказилиши белгиланган. Стартап лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жами 30 тадан ортиқ  янги иш ўринлари яратилади, бундан ташқари ёлланма ишчилар лойиҳаларга жалб этилган. Юқорида келтирилган стартап лойиҳаларининг лойиҳа раҳбарларининг 100 фоизи ҳамда стартап лойиҳа ижрочиларининг 95 фоизи 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ва талабалардир.

 

Қудратжон Юсупов,

Фарғона Ёшлар инновация маркази  директори ўринбосари