Янгиликлар

ШҲТга аъзо давлатларнинг илм-фан ва техника соҳасидаги вазирлик ва идоралари раҳбарларининг бешинчи йиғилиш натижалари

Москва шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг илм-фан ва техника соҳасидаги вазирлик ва идоралари раҳбарларининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси номидан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этди.


Йиғилишда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг муваффақиятли ҳамкорлиги заминида муносабатларнинг барқарорлиги ва ишонч ётиши таъкидланди. Мамлакатлар глобал муаммоларни ҳал этиш ва ечилиши зарур бўлган йирик масалаларга жавоб топиш учун шу йўлда биргаликда ҳаракат қилишлари зарурлиги қайд этилди.


Делегациялар аъзолари 2016-2020 йилларда илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги Келишуани амалга ошириш бўйича тадбирлар режасининг бажарилишини муҳокама қилдилар. Аввалги йиғилиш қарорларининг амалга оширилишини томонлар ижобий баҳоладилар.


Иброҳим Абдураҳмонов йиғилишда сўзга чиқиб, Президентимизнинг ШҲТ доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновацион соҳалардаги ҳамкорликнинг самарасини оширишга қаратилган қатор ташаббусларини амалга оширишнинг муҳимлиги ҳақида гапираркан, Ташкилотнинг кейинги йилларда жаҳон саҳнасида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг илмий-техник ҳамкорлигини қўллаб қувватлаш ва мувофиқлаштиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашдилар. Табиий ресурсларни ҳимоя қилиш, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги,инновацион технологиялар, хусусан озиқ-овқат хавфсизлиги, биотехнологиялар ва биомуҳандислик, инновацион технологиялар, шунингдек нанотехнологиялар ва ахборот технологиялари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Бундан ташқари, Йиғилиш қатнашчилари ташкилотга аъзо давлатларнинг олимлари ва тадқиқотчиларининг тажриба алмашишлари учун шарт-шароитлар яратилиши зарурлиги тўғрисида якдиллик билдирдилар.


ШҲТга аъзо давлатларнинг илм-фан ва техника соҳасидаги вазирлик ва идоралари раҳбарларининг олтинчи йиғилишини Покистонда ўтказилишига келишилди.