Янгиликлар

Ўзбекистон—Беларусь: Ижтимоий йўналишдаги лойиҳаларни тижоратлаштириш мумкин!

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар раислари ва аъзоларидан иборат делегациянинг ижтимоий йўналишда фаолият юритувчи вакиллари Беларусь Миллий Фанлар академиясининг Тарих институтига ташриф буюриб, институт фаолияти билан яқиндан танишдиларИнновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар раислари ва аъзоларидан иборат делегациянинг ижтимоий йўналишда фаолият юритувчи вакиллари Беларусь Миллий Фанлар академиясининг Тарих институтига ташриф буюриб, институт фаолияти билан яқиндан танишдилар

Қизғин муҳокамалар ва музокаралар давомида профессор Голубев, Беларусь маданияти тарихи бўлими бошлиғи Н.В.Смехович, умумий тарих бўлими бошлиғи В. Тучаев, XIX аср тарихи бўлими бошлиғи В. Дольгач ва ХХ аср тарихи бўйича мутахассис А.П.Соловьянов икки томонлама ҳамкорлик хусусида ўз фикрларини билдирдилар.

Академия тизимида илмий кадрларни тайёрлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи ушбу институт давлат дастури асосида тузилган беш йиллик режа асосида фаолият юритади. Бу масканда 50 нафарга яқин изланувчи илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда.

Илмий лойиҳалар юқори турувчи ташкилотларга, вазирлик ва давлат идораларига концепциялар тарзида берилади. Жумладан, музейлар учун археологик материаллар асосан Тарих институтидан олинади. Фан ва таълим интеграцияси анъанавий усулда, яъни дарсликлар тайёрлаш ва институт илмий ходимларини таълим тизимига жалб этиш орқали таъминланади. Институтда Беларусь давлатчилиги тарихига катта эътибор қаратилган. “Ёш тарихчилар мактаби” ёз ойларида археологик қазишмаларга жалб этиш орқали тарих фанига қизиқувчи ёшларни илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишлари учун шароит яратади.

Институт фаолияти давлат дастурлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Институт илмий ишлар бўйича директор ўринбосари В.Л.Лакизанинг билдиришича, ижтимоий-гуманитар соҳадаги тадқиқотларни баҳолаш да унинг ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиш зарур. Бу йўналишдаги тадқиқотларни аниқ, табиий ва техника соҳасидаги тадқиқотлар мезони билан баҳолаб бўлмайди. Шуни назарда тутган ҳолда Беларусь давлатининг илм-фан соҳасидаги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари такомиллаштирилаётганини таъкидлади.

Музокаралар давомида беларусь олимлари томонидан антропология, нумизматика соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиёда насронийлик, Ўзбекистонда беларусь диаспораси, 5-6 асрларда хуннлар миграцияси ва уларнинг Осиё ва Европа халқларига таъсири мавзуларида истиқболли лойиҳаларни шакллантириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Шунингдек, учрашувда ижтимоий-гуманитар йўналишдаги илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди. Беларусь олимлари бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Яъни вазирлик ва идоралар, йирик ташкилот ва корхоналар тарихини ёритиб берувчи каталог, буклет, музейлар яратиш концепцияси ва бошқа тарихий материалларни яратиб бериш, тарихий мавзудаги тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш юзасидан ўз хизматларини таклиф қилишлари, бажарилган хизмат учун тўланган маълум миқдордаги маблағ эвазига олимларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганликлари, ўз навбатида, мамлакат тарихини ёритишга ҳисса қўшаётганликларини билдирдилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси аъзолари ҳам ушбу йўналишда мамлакатимизда олиб борилаётган тадқиқотлар, ижтимоий соҳадаги илмий лойиҳаларни тижоратлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бердилар.

Таъкидлаш жоизки, Тарих институти қошидаги Археология музейи экспонатлари мазмун жиҳатдан салмоқли, сон жиҳатидан унча кўп бўлмаганлигини инобатга олинса, бундай тажрибаларни амалда қўллаш назария ва амалиёт интеграциясини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, делегация аъзолари Давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни илмий-техник экспертизадан ўтказиш жараёнида ҳамкорлик қилиш учун экспертлар гуруҳига жалб этилиши мумкин бўлган номзодлар билан танишиб, истиқболдаги режалар, ҳамкорликда илмий-техник лойиҳаларни ҳамда нашр ишларини амалга ошириш хусусида келишиб олдилар.