Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари “Smart China Expo 2019” кўргазмасида қатнашди

Жорий йилнинг 26-29 август кунлари Хитой Халқ Республикасининг Чунцин шаҳрида “Smart China Expo 2019” халқаро интеллектуал ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик халқаро кўргазмада Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз вакиллари мазкур кўргазмада “Turin Invest инжиниринг” муҳандислари томонидан ишлаб чиқарилган “ProBus” электр автобусини, фойдаланувчини виртуал дунёга тўлиқ сингдирадиган Виртуал реаллик (VR), мавжуд тўсиқ ва чуқурликлар тўғрисида электромагнит тўлқинли сигналлар тарқатган ҳолда маълумот тўплаш ва эгасини махсус сигнал ёки тебраниш орқали огоҳлантирадиган инновацион ҳасса, юқори сифатли термопластиклар билан ишлайдиган ФДМ технологияси асосида исталган шаклдаги 3D объектларни пластик материалдан чоп этиб берувчи 3D қурилмаcи, газли пайвандлаш жараёнида ацетелин ўрнига водороддан фойдаланиш кўпроқ самарадорликни таъминлайдиган водородли пайвандлаш машинаси, шунингдек, AR Smart-туризм, Junior робот, Alpha 1 Pro, Marra Sari, Novaprint, Биосолвент сингари инновацион ишланмаларини намойиш этишди.

Кўргазма “Ақлли тeхнологиялар: иқтисодиётни кучайтириш, ҳаётни бойитиш“ мавзусида бўлиб, бир қатор конфeрeнциялар, кўргазмалар, форумлар ва танловлардан иборат бўлди. Тадбир Хитойнинг Фан ва тeхнологиялар вазирлиги, Саноат ва ахборот тeхнологиялари вазирлиги, Хитой Фанлар акадeмияси, Хитой муҳандислик акадeмияси, Хитой Фан ва тeхнологиялар уюшмаси ва Чунцин шаҳри маъмурияти томонидан ташкил этилган.