Янгиликлар

Эксперт: “5000 минг нафар беморга ёрдам бериш учун Ўзбекистонда “кўз банки” ташкил этиш бугуннинг талаби”

Инновацион Ривожланиш вазирлиги бевосита кўмаги асосида Доктор Мақсудова Инновацион клиникасида 27—28 январь кунлари АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳрида жойлашган Lions Eye Institute for Transplant and Research клиникасининг юқори малакали кўз микрожарроҳларини жалб этган ҳолда кўз микрожарроҳлик амалиёти бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Маҳорат дарси давомида мутахассислар кўз шоҳ парда касаллиги билан узоқ йиллардан бери хасталаниб, қийналиб юрган 25 нафар ҳамюртимизни бепул консультация қилишади, 4 нафар беморда ноёб микрожарроҳлик амалиёти ўтказилади, шунингдек 4 нафар маҳаллий офтальможарроҳларни ўқитиб, махсус сертификат топширишади.

Қуйида мутахассисларнинг мазкур муҳим тадбир юзасидан фикрлари билан танишинг.

Эркин Абдуллаев, Lions Eye Institute for Transplant and Research шифохонасининг клиник ва инновацион ривожланиш бўйича бошқарувчиси:

- Мен 1993 йилгача академик В. Воҳидов номидаги Жарроҳлик илмий марказида кардиожарроҳ сифатида фаолият юритганман. АҚШда эса кўз шоҳ пардаси трансплантацияси соҳасида ишлай бошладим. Ана ўшанда бу соҳа нима учун океан ортида яхши ривожланган-у, бизда эса бу масалада кўп муаммоларимиз борлиги ҳақида кўп ўйладим. 1999 йилдан эса махсус дастур бўйича донорлик кўз шоҳ пардалари Америкадан юртимизга жўнтилишини йўлга қўйдик. Кўз шоҳ пардаси шикастланган беморлар оғир касалликка чалинглар гуруҳига киради. Уларни фақатгина кўз шоҳ пардасини трансплантация қилиш билангина даволаш мумкин. Бунда уларнинг шикастланган кўз шоҳ пардаси соғлом кўз шоҳ пардаси билан алмаштирилади. Шоҳ парда бу кўзнинг ойнасидек гап. Ўзбекистондан “кўз банки” бўлмагани сабабли ҳозирга қадар донорлик материалларини хориждан сотиб олишга тўғри келмоқда. Босқичма-босқич хорижлик кўз жарроҳлари Ўзбекистонга келиб, маҳаллик жарроҳларни трансплантациянинг янги усуллари билан таништирганларидан кейин, бир йилда республика бўйича ўртача 25-30 та жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ҳозирги кунда 5000 нафар бемор шундай операцияларга муҳтож. Ўтган йили Зулфия Мақсудова билан учрашиб, гаплашганимиздан сўнг шундай операциялар сонини янада кўпайтириш йўлларини излай бошладик. У киши Ўзбекистонда “кўз банки” ташкил этиш истагини билдирди. Бу жуда муҳим лойиҳа.

Кўз шоҳ пардаси донорлари вафот этган кишилардир. Шу боис ҳам бунинг ҳуқуқий жиҳатлари муҳим аҳамият касб этади. Одам тирик пайтида кўз шоҳ пардасини олинишига ёки вафот этганидан сўнг унинг қариндошларидан донорликка рухсат олиниши тартиби ишлаб чиқилиши зарур. Бунда вафот этган донорнинг айрим касалликлар билан оғримагани ҳисобга олиниши керак. Масалан, донорда сепсис ёки бошқа кўз касалликлари бўлмаслиги шарт. Кўз шоҳ пардасида қон томирлари ўтмагани боис беморнинг қон гуруҳи аҳамиятга эга бўлмайди. Одатда бундай операциялар ҳамиша муваффақиятли ўтади. АҚШда мазкур жарроҳлик амалиётининг муваффақиятлилик даражаси 99,9 фоизни ташкил этади. Донорлик бўйича қонун Ўзбекистонда ишлаб чиқилган, энди тасдиқланиш арафасида. Бу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланса, Ўзбекистонда минглаб одамлар учун мазкур жарроҳлик амалиёти бир неча баробарга арзонлашади. Кўз шоҳ пардасининг донори бўлишга одам тириклик даврида ёки ўлганидан сўнг қариндошлари томонидан розилик билдириши хорижий давлатларда бепулга амалга оширилади. Одамлар беморларга ёрдам беришларидан қаноатланадилар. Шоҳ парда инсон вафот этганидан сўнг қанча тез олинса шунча яхши — 24 соатгача олиш тавсия этилади. Кўз шоҳ пардан олинганидан сўнг у презервация муҳити деб аталадиган минерал ва антибиотик воситалари билан бойитилган эритмага жойланади. Бу эритма кўз шоҳ пардасининг ҳужайраларининг яшаши учун муҳит яратади. Шоҳ пардаси АҚШ қонунларига кўра 2 ҳафтагача бўлган муҳлатда сақланиши мумкин.

Зулфия Мақсудова, ДМС клиникаси раҳбари:
- Ҳозирги кунда кўз шоҳ пардаси трансплантацияси бўйича амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётининг нархи 20-25 миллион сўмни ташкил этади. Агар биз Ўзбекистонда “кўз банк”ини ташкил этсак, у ҳолда бу операциянинг нархи бир неча бараварга арзонлашади. Ваҳоланки, ҳозирда бизнинг клиникамизда шундай турдаги жарроҳлик амалиёти бошқа шифохоналарга нисбатан 40 фоизга арзонроққа амалга оширилмоқда. Бунинг учун бизга ҳуқуқий-меъёрий қонунларни қабул қилишимизнинг ўзи кифоя. Негаки бизнинг клиникамиз техник жиҳатда бундай операциялар қилишга тайёр — энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган, жарроҳларимизнинг ҳам тажрибалари етарли.