Янгиликлар

Тиббиёт ходимларига тиббиёт соҳасидаги жаҳоннинг энг сўнгги тадқиқотлари натижалари билан танишиш имконияти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан имзолаган шартнома доирасида 3 000 нафар шифокор мутахассисларга Elsevier компаниясининг Clinicalkey платформасидан 2020 йил давомида бепул фойдаланиш имкониятb яратилди. Тақдим этилган имконият доирасида, шунингдек мазкур лойиҳани тантанали бошлаш, платформадан фойдаланишни ўргатиш, унинг юқори имкониятларини намойиш қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Elsevier B.V. компанияси вакиллари иштирокида жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг катта мажлислар залида тиббиёт ходимлари учун семинар ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев очиб берди. Семинарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов иштирок этиб, мазкур лойиҳанинг тиббиёт ривожи учун аҳамияти беқиёс экани ҳақида сўз юритди. Elsevier компаниясининг Шарқий Европа минтақавий директори Игорь Никитин йиғилганларга Clinicalkey платформасидан фойдаланиш бўйича дастлабки тушунчаларни берди.

– Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли юртимиз учун ҳамкорлик муносабатлар ривожининг янги даври бошланмоқда, – деди Шароф Ражаббаев. – Кўплаб соҳалар қатори, тиббиёт йўналишидаги хорижий ташкилотлар ва хорижий мутахассислар билан ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги тиббиёт соҳаси ходимлари учун далилларга асосланган тиббий маълумотлар базаларига уланиш учун имконият яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

2019 йил бошида Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармаси ҳамда Elsevier компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур компания 100 нафар ўзбекистонлик шифокор мутахассислар учун умумий қиймати 50 минг АҚШ доллари миқдорида баҳоланган Clinicalkey платформасидан 6 ой давомида бепул фойдаланиш имкониятини Инновацион ривожланиш вазирлиги орқали тақдим этган эди.

Ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан харид қилинган компаниянинг Clinicalkey платформасидан йил давомида бепул фойдаланиш имконияти 3000 нафар ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига тақдим этилмоқда. Ушбу дастурда тиббиётдаги мавжуд муаммонинг ечимини излаб топиш, ўзида тўлиқ ва тезкор кўринишдаги маълумотларни сақлаш каби имкониятлар мавжуд.

Шунингдек, дастурда даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлаган. Ушбу маълумотлардан эндиликда юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.