Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Бухоро давлат университетида олимлар билан учрашди  

 

Жорий йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро давлат университетига ташриф буюрди. Вазир даставвал Бухоро давлат университетида илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Университетда Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Вазир ўз ўрнида вазирлик фаолияти ҳақида маълумот берар экан, таклифлар учун вазирлик доимо очиқлигини маълум қилди. И.Абдураҳмонов ҳар бир савол ва таклифга атрофлича тўхталиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Илмий даражали кадрларни тайёрлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига биноан ўз докторлик диссертациясини муддатидан олдин ҳимоя қилган университет таянч докторантлари (PhD) Д.Б.Аҳмедова ва Х.И.Эшонқулов пул мукофоти билан тақдирланди.

Шунингдек, п.ф.д., профессор Ш.Р. Баротов раҳбарлигида бажарилиши 2021-2022 йилларга мўлжалланган инновацион лойиҳа ва ф.ф.д., профессор М.К.Абузалова раҳбарлигида бажарилиши 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳа илмий лойиҳалар танловларида ғолиб бўлиб, вазирлик томонидан грант ажратилганлиги маълум қилинди. Уларга Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус сертификатлари топширилди.

Шунингдек И.Абдураҳмонов университет ҳузурида фаолият кўрсатаётган Бизнес акселератор фаолияти билан танишди. Мазкур бизнес-акселератор “Ёшлар келажагимиз” жамғармасининг 150 млн сўм, БухДУнинг 108 млн сўм маблағлари эвазига ташкил этилган. Бизнес-акселераторда бир вақтнинг ўзида 40 нафар тингловчини тадбиркорликка ўқитиш мумкин.

Вазир ўз ўрнида Бизнес-акселератор фаолиятига оид ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, Бизнес-акселераторда мини-технологиялар ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйииши мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидлаб ўтилди.