Янгиликлар

Ҳарбий соҳа – катта таълим ва тарбия даргоҳидир

Давлатимиз раҳбарининг мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар Академиясига ташрифи мобайнида кейинги йилларда мамлакат мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари ҳақида сўз борди. Президент нутқида «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» ғояси атрофидаги тўлақонли янгиланиш ва туб ўзгаришлар, мамлакатни мутлақо янги шиддат ва кўламда равнақ топтириш ҳамда ҳарбий соҳада қилинган ишлар сарҳисоби билан бирга, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ва устувор мақсадлар белгилаб берилди.

Шак-шубҳасиз, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида, мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳалари билан бир қаторда, ҳарбий соҳанинг энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинди. Амалга оширилган тизимли ва комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти ошди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан бўлиб қолиши таъкидланди.

Бундан тахминан бир йил аввал Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти негизида ҳарбий соҳа учун инновацион ғоялар излаш, ишланма ва технологияларни амалга ошириш дастури» тасдиқланган бўлиб, мазкур дастур доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йилда махсус йўналишда жами 4,3 млрд сўм ҳажмдаги 3 та илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш бошланган. Мазкур йўналишдаги илмий ишларга ажратилган мазкур маблағ 2019 йилда шу соҳага сарфланган маблағдан 11 баравар катталиги диққатга сазовордир.

Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг ва биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти илмга чанқоқ талабалари талабаларининг Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясига аъзо эканлиги қувонарлидир. Бугунги кунда бўлажак юртимиз посбонлари вазирлигимиз томонидан ёшлар учун ташкил этилаётган танловлар, кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Ёшлар академияси томонидан 2020 йил 1–15 декабрь кунлари ташкил этилган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонида Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг 5 нафар иқтидорли талабалари ўзларининг 5 та лойиҳалари билан қатнашдилар. Марафоннинг якуний босқичида ҳарбий институт талабаси Ойбек Дехқонов томонидан яратилган «Тиббий маълумотларни ўлчов дастгоҳи» 30 млн сўм миқдорида рағбатлантирилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаши томонидан мудофаа ва ҳарбий саноатда қатор илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда. Вазирлик томонидан махсус йўналишдаги молиялаштириш ҳажми 10,978 млрд. сўм бўлган жами 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Вазирликнинг Махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаши томонидан 2020 йилда қўшимча равишда умумий молиялаштириш ҳажми 10,95 млрд. сўмга тенг бўлган 11 та илмий-тадқиқот лойиҳалар мавзулари эълон қилинган.

Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида «Истамбул» технопаркининг филиали очилиши устида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа мудофаа соҳасига янги технологияларни олиб кириш, илмий тадқиқотлар амалга оширишни ҳам назарда тутади. Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш қўшма дастурларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва малака ошириш учун мустаҳкам платформа яратишга имкон беради.

Мамлакат мудофаа тизими, ҳарбий таълим ва ҳарбий соҳа – мамлакат осойишталигини таъминлашнинг энг муҳим тизими бўлиши билан бирга, жуда катта таълим ва тарбия даргоҳидир. Ушбу муассасаларнинг халққа яқинлашуви натижасида ватанпарварлик ва фидойилик туйғулари, юртни севиш ва ардоқлаш, садоқат ва матонат кўникмалари ва тушунчалари шаклланиб, мустаҳкамланиб боради. Ёшларимиз ўз ватанининг бўлғуси қаҳрамонларидирлар. Шу сабабли давлат раҳбари айни мавзуга алоҳида диққат қаратди. Мамлакат аҳолисини ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш билан боғлиқ ишларни «Жасур жангчи – ёшлар учун намуна» шиори остида янада жадаллаштириш, ҳарбий округлар қўмондонликларига камида 10 тадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан уларда ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари «ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди», дея таъкидлаб ўтди. Президентимизнинг ушбу сўзларининг мазмун-моҳияти кейинги тўрт йил мобайнида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида давом эттирилаётган юксак эътибор, кўмак ва кенг оммалашган «беш ташаббус» жараёни билан узвий боғлиқ, албатта.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида билан тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилганини айтиб ўтдилар. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун  имкон берди. “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга давлат органлари ҳам ўз ҳиссасларини қўшишишига имкон яратилди.

Ўтган йили Инновацион ривожланиш ва Мудофаа вазирликлари ҳамкорликда «Аскарга мактуб» пилот лойиҳаси амалга оширилди. Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти муддатли хизматчилари билан «Аскарга мактуб» бошланган лойиҳа Ўзбекистон ёш фуқароларида фаол ҳаётий позицияни шакллантириш, уларда Ватанга муҳаббат, унинг тарихий меросига ҳурмат, миллат манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигига ғамхўрлик қилиш каби маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек, ёшларда ҳарбий хизматни ўташ борасида ижобий фикрни уйғотишга қаратилган. Ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш мақсадида ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик таълимининг янги, ностандарт усуллари пайдо бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш лойиҳанинг вазифаларидан саналади. Шунингдек, ҳарбий касблар нуфузини ошириш, акция иштирокчиларининг ижодий қобилиятларини ошкор қилишга қаратилган мазкур лойиҳа ёшларда Ватанга хизмат қилаётган ҳарбийларни иззат-ҳурмат қилишга чорлайди. Лойиҳада яқинлари миллий армияда хизмат қилаётган ёшлар — мактаб ўқувчилари, талабалар, шунингдек, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлардаги таълим жараёни иштирокчилари — ўқитувчилар, ҳарбий инструкторлар, психологлар, аскар ва офицерлар иштирок этдилар.

Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан замонавий ҳарбий билимларни ва миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Бунда ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимизнинг бой ҳарбий санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Маълумки, номлари тилга олиб ўтилган улуғ аждодларимизнинг ҳарбий маҳорати ўта чуқур билим, тактика, стратегия, вазиятни тўғри баҳолаш ва режалаштириш каби қобилиятларни ўзида мужассам этгани билан ажралиб туради. Шоҳрух Мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур жорий этган «тебратма» ва «тўлғама» усуллари ҳарбий санъатлар тарихига алоҳида ном билан киргани бунинг ёрқин исботидир.

Президентимизнинг мамлакатимиз пойтахтида барпо этилган «Ғалаба боғи» ва «Шон-шараф» музейи мажмуасини ҳарбий хизматчилар, юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарихни ва буюк аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш илмий марказига айлантириш таклифини барча қизғин кутиб олди. Юқорида номлари зикр қилиб ўтилган улуғ саркардаларимизнинг номлари қаторида, улар билан ёнма-ён сафда турган фидойи, садоқатли ва жасур қўмондонларнинг, ботир лашкарбошиларнинг эл-юрт учун кўрсатган қаҳрамонликларининг солномалари яратилиши шонли тарихимизни тиклаш, кишиларимизга ва ёшларимизга англатиш, келажак авлодга асраб-авайлаб етказиб бериш каби вазифаларни ўз ичига олади, албатта.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик