Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири «Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуоти» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда иштирок этди

19 январь куни Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан «Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуоти» мавзусида халқаро миқёсида илмий рецензияланган онлайн-конференция ўтказилди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Илмий тадқиқотларни қўллаб қувватлаш маркази (Research Support Center) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур конференция инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этиб, нутқ сўзлади. У мазкур халқаро анжуман Туркистон жадидларининг отаси ҳамда раҳнамоси, жамоат арбоби, драматург Маҳмудхўжа Беҳбудийни яна бир бор хотирлаш имкониятини беришини айтди.

– Агар эътибор бериб қаралса, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодий фаолиятининг мазмунини янгиликка интилиш ташкил қилади, – деди И. Абдураҳмонов. – Халқни мустабидликдан, жаҳолатдан қутулишининг ягона йўлини маърифат, билим ва илм олишда деб билган Беҳбудий томонидан 1903 йилда Самарқандда янги мактаблар ташкил этилган. Беҳбудий ва унинг издошлари юртнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини яхшилашга, турмуш тарзини ўзгартиришга ҳаракат қилишган.

«Президентимиз ўз нутқларида қайта-қайта жадидларга мурожаат қиладилар. Бошқа жадид аждодларимиз қаторида айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий номини кўп тилга оладилар. Сабаби жадидларимиз даврида ҳозирги пайтда кўп тилга олинаётган Учинчи ренессансга ҳаракат бошланган эди – жадид мактаблари очилган, халқни маърифатга чорлаб, маънавий-маърифий ишлар қилинган, газеталар нашр қилинган, театрлар ташкил этилган, 100 га яқин туркистонлик ёшлар олис Олмонияга ўқишга юборилган. Лекин уларнинг ғоялари амалга ошмай қолган – жадидлар қатағон қурбонларига айланган. Юз йил аввал амалга ошмаган ғояларни ҳозирда биз янгиланган ҳолда тарғиб қилиб, улар етолмаган орзуларини амалга ошириш имкониятимиз бор. Мана шу орзуни ушланиши учун ҳозирда юртимизда имконият, потенциал мавжуд» – деди вазир.

Ҳеч иккиланмасдан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва у етакчилигидаги жадидларни ватанимизнинг дастлабки инноваторлари деб атай оламиз. Сабаби янги усулдаги жадид мактабларининг очилиши, ҳозиргидек интернет, телевидение имкониятлари бўлмаган даврда маърифат тарғиботи учун янги театр труппаларининг ташкил этилиши. Туркистон ёшларининг илм олиш учун зарур шарт-шароитларнинг яратилиши ҳозирда инсон капиталини ривожлантириш деб атаётган мақсадимиз билан ҳамоҳанглиги ҳам мазкур конференциянинг нақадар муҳим ва зарурлигини англатади. Зеро Беҳбудий айтганидек, «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга паймол бўлур.»

Шу ўрнида таъкидлаш жоизки, «Туркистон жадидларининг отаси» Маҳмудхўжа Беҳбудий ва у раҳнамолигида Туркистондаги жадидчилик ҳаракати тарихи, жадидлар меросини тадқиқ қилиш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида лойиҳалар танлов эълон қилинган. «Филология, педагогика ва психология фанлари» йўналиши бўйича ““jadid.uz” электрон платформасини яратиш» мавзусида инновацион лойиҳалар танлови учун республикамиздаги тарихчилар, филологлар ҳамда тилшунослар, санъатшунослар томонидан лойиҳаларнинг тақдим этилгани мазкур мавзуга олимларимизнинг қизиқиши катта эканини кўрсатади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5598-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мазкур йўналишда тематик мавзулар портфели шакллантирилмоқда