Янгиликлар

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни!

Ҳурматли юртдошлар!

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!

Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг ва биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда бўлажак юртимиз посбонлари вазирлигимиз томонидан ёшлар учун ташкил этилаётган танловлар, кўргазмаларда фаол иштирок этиб келаётганларига алоҳида урғу бермоқчиман. Ёшлар академияси томонидан ташкил этилаётган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонида ҳарбий соҳадаги лойиҳалар ҳам тақдим этилди, улар совринли ўринларни эгаллаб, ўз билим ва иқтидорларни намоён этдилар.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаши томонидан мудофаа ва ҳарбий саноатда қатор илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда. Вазирлик томонидан махсус йўналишдаги молиялаштириш ҳажми 10,978 млрд. сўм бўлган жами 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Вазирликнинг Махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаши томонидан 2020 йилда қўшимча равишда умумий молиялаштириш ҳажми 10,95 млрд. сўмга тенг бўлган 11 та илмий-тадқиқот лойиҳалар мавзулари эълон қилинган.

Мамлакат мудофаа тизими, ҳарбий таълим ва ҳарбий соҳа – мамлакат осойишталигини таъминлашнинг энг муҳим тизими бўлиши билан бирга, жуда катта таълим ва тарбия даргоҳидир. Ушбу муассасаларнинг халққа яқинлашуви натижасида ватанпарварлик ва фидойилик туйғулари, юртни севиш ва ардоқлаш, садоқат ва матонат кўникмалари ва тушунчалари шаклланиб, мустаҳкамланиб бормоқда.

Ватанимиз ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшаётган барча юртдошларимизни, юртимизнинг бўлғуси қаҳрамонлари – ёшларимизни байрам билан табриклайман!

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик