Янгиликлар

Халқаро аудит ташкилоти республикамиз илмий ташкилотлари аудитини ўтказади

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Беларус Республикаси Фан ва технологиялар бўйича давлат қўмитаси Илмий техник-бўлими бошлиғи ҳамда Беларус Республикасининг «Беларус илмий-техник соҳани тизимли таҳлили ва ахборот таъминоти институти (БелИСА)” давлат муассасаси директори бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

«Беларус илмий-техник соҳани тизимли таҳлили ва ахборот таъминоти институти (БелИСА)” давлат муассасаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республикамизнинг барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолиятини аудитдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган халқаро тендер ғолиби бўлиб, мазкур ташкилот билан белгиланган тартибда шартнома имзоланган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2021 йилда барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолиятини халқаро мустақил эксперт компанияларини жалб этган ҳолда аудитдан ўтказиш юзасидан тегишли топшириқ белгиланган. Бундай аудит уч йилда бир марта ўтказилади.

Халқаро ташкилот томонидан ўтказиладиган аудит республикамиздаги илмий ташкилотларнинг ҳолати ва иш фаолиятини баҳолаш, илм-фанни тараққий эттириш бўйича давлат сиёсатини мувофиқлаштириш ва стратегик ривожланишнинг вазифа хамда йўналишларини белгилаш, илмий-тадқиқот соҳаси ривожланишининг салбий ва ижобий томонларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз навбатида аудит натижаларига кўра янги инфратузилмалар ва фан йўналишлари ташкил қилиш, мавжудларини самарадорлигига кўра кенгайтириш ёки қисқартириш, қайта шакллантириш бўйича таклифлар беради. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ваколатли давлат органи томонидан йиллик мониторинги ҳам олиб боради. Мониторинг ва аудит натижаларига кўра илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тузилади.

Халқаро аудит компанияси илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолиятини аудитдан ўтказиш талабларига кўра республикамиздаги 104 та илмий ташкилотларга бевосита ташриф буюриб, уларнинг илмий-инновацион фаолиятини чуқур ўрганади, таҳлил қилади ва асосланган хулоса ишлаб чиқади.