Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири вакцина олиш жараёни билан танишди

11 январь куни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинасининг III фаза клиник синовлари амалга оширилаётган клиникаларга ташриф буюрди. У ерда вазир вакцина олиш учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, шу жараёнда иштирок этаётган кўнгиллилар ва хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.

И. Абдураҳмонов вакцина синовларида иштирок этаётган кўнгиллиларга миннатдорчилик билдираркан, мазкур илмий тадқиқот коронавирус пандемиясини енгишга хизмат қилишига ишонишини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, 11.01.2021 й. ҳолатига коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинасининг III фаза синовлари жараёнида эмланган фуқаролар сони жами 1653 кишини ташкил этди. Ушбу III фаза клиник синов тасодифий, икки-томонлама номаълум, плацебо назоратли халқаро тартибларга риоя этган ҳолда олиб борилади. Тасодифий деган тушунча вакцина ёки плацебо тасодифий равишда белгиланиши тушунилади. Бу худди тангани ташлаганда 2 томонда бири тушиш эҳтимолига ўхшайди. Ушбу гуруҳларга бўлиниш жараёнида инсон омили таъсири бўлмайди.

Шу пайтга қадар вакцинация синовларида иштирок этганларнинг соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилмади. Жараён режа бўйича амалга оширилмоқда.