Янгиликлар

СOVID-19 га қарши вакциналарнинг ишланмалари бўйича дайжест (11.01.2021 ҳолатига)

COVID-19га қарши вакциналар ишланмалари бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган дайжестни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистонда вакцина синовига кўнгиллиларнинг 30 фоизида антитаналар борлиги аниқланди

Ўзбекистонда 6 январь ҳолати бўйича,  Хитой олимлари томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг синовларида кўнгилли сифатида иштирок этиш учун ариза берган ўзбекистонликларнинг 30 фоизида COVID-19га қарши антитаналар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Daryo.uz га берган интервьюда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов хабар берди [2].

Антитаналар мавжудлиги бу одамларнинг симптомсиз шаклда коронавирусдан азият чекканини тахмин қилиш учун асос беради, деди вазир. "Улар соғлом ҳисобланишига қарамай, эмлашга жалб этилмайди, чунки бу вакцинанинг самарадорлигини текширишга халақит беради", - таъкидлади у.

Тадқиқотда жами 3859 нафар киши иштирок этиш истагини билдирди, улардан 1534 нафар кўнгиллилар текширилди ва 1542 нафари тадқиқот рақамини олди ва 1534 нафари эмлашни олди [3]. Жами Хитой томони Ўзбекистонга 5000 дозадаги вакцинани тақдим этган.

"Вакцина олиш истагидаги фуқароларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, уларнинг касаллик тарихи, психологик ҳолати ўрганиляпти. Мурожаат қилаётган кўнгиллилар биринчи куни тиббий кўрикдан ўтказилиб, коронавирусга тест олиняпти, антитаналари текширилмоқда. Иккинчи куни эмланяпти", - деди вазир [4]. Тиббий кўрикдан ўтиб, вакцина олишга лойиқ, деб топилганларга яна бир бор қайта ўйлаб кўришлари учун бир кун имконият берилади — "ҳеч ким уларни эмланишга мажбур қилмайди", - дея ишонч билдирди вазир. Ҳозиргача 10 фоиз кўнгилли иккиланган ҳолда эмланишдан воз кечди.

 

ЖССТ: коронавирус вакциналарининг катта қисми бой давлатлар томонидан сотиб олинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг сўзларига кўра, коронавирус вакциналаридан фойдаланиш дунёнинг 42та мамлакатда бошланган бўлиб, улардан 36 таси аҳоли жон бошига даромади юқори бўлган мамлакатлардир. Аҳоли жон бошига кам даромад тўғри келадиган мамлакатлар ва ўрта даромадли давлатларнинг кўпчилиги коронавирус вакцинасини олиш имконига эга эмас [5].

"Бой мамлакатлар турли вакциналар етказиб берилишининг катта қисмини сотиб олишди. Биз, шунингдек, COVAX аъзолари ҳисобланган аҳоли жон бошига юқори ва ўрта даромадли мамлакатлар қўшимча икки томонлама битимларни тузаётганликларини кўриб турибмиз. Бу потенциал тарзда барча учун нархни оширади ва камбағал ва энг маргиналлашган мамлакатларда юқори хавфли гуруҳлардан одамлар эмлашни олмаслигини англатади", - маълум қилди ЖССТ раҳбари 8 январь куни бўлиб ўтган брифинг чоғида [6].

Шунингдек Тедрос Адханом Гебрейесус  "вакцина миллатчилиги" бутун дунёга зарар келтириши ва ўз-ўзини ҳалокатга олиб келишини таъкидлади. "Мен керагидан кўра кўпроқ вакцина сотиб олган ва жаҳонда етказиб беришларни назорат қилаётган мамлакатларни қатъият билан дарҳол эҳсон қилишлари ва уларни COVAXга топширишларига чақираман", - деди ЖССТ раҳбари.

COVAX – бу дунё бўйича даромадларининг паст ва ўрта даражаси бўлган мамлакатларда одамларни коронавирусга қарши эмлашнинг асосий глобал дастури. У камида 2  миллиард дозали вакцинани 2021 охиригача етказиб беришга қаратилган  ва 91 та мамлакатлардаги энг заиф аҳолининг 20% ни қамраб олиши керак.

 

ЖССТ коронавируснинг янги штаммининг янада тезроқ тарқалишини тан олди

Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми одатий вариантга қараганда тезроқ тарқалмоқда, маълум қилди брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти Мария ван Керкхове [7].

"Биз 1,1 дан 1,5 гача ошган репродуктив сонга таянмоқдамиз", - у британиялик шифокорлар томонидан ўтказилган моделлаштиришлар маълумотларини келтирди.

Бироқ, мавжуд маълумотлар вирус ўзининг "олдингиси" билан бир хил тарзда тарқалаётганлигидан дарак бермоқда. Шунга мос равишда, унга қарши кураш бўйича чоралар аввалгидек бўлиб қолаверади. Эксперт юқиш занжирини тўхтатиш учун  янада зўр бериб ишлаш кераклигини таъкидлади.

Керхкове қўшимча қилганидек, бу COVID-19нинг одатий варианти  параллель равишда айланишда давом этиши билан мураккаблашмоқда. У, шунингдек, ҳозирга қадар янги штаммнинг анча юқори хавфини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумотлар йўқлигини маълум қилди.

Декабрь ойининг ўрталарида Буюк Британияда янги коронавирус мутациясининг топилиши ҳақида маълум бўлди. ЖАР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам аввалроқ генетиклар мамлакат учун 501.V2 деб номланган янги коронавирус мутациясини аниқлагани ҳақида хабар берган эди. "Британиялик штамм" аллақачон 40 дан ортиқ мамлакатларда топилди.

8 январь, жума куни Лондонда шифохоналарнинг тўлиб кетиш хавфи муносабати билан фавқулодда ҳолат режими жорий этилди [8].

 

Moderna компанияси 2021 йилда 600 миллион дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцинани чиқаришга тайёрлигини билдирди

Moderna  фармацевтика компанияси бош директори Стефан Банселнинг айтишича, йил охиригача 600 миллион дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда L’Express нашри хабар берди [9].

"2021 йилнинг биринчи чорагида Швейцариядаги завод 15 миллиондан 20 миллион дозагача ишлаб чиқариши ва уларни Европа Иттифоқи мамлакатларига, шунингдек, Канада, Исроил, Швейцария ва Буюк Британияга етказиши мумкин", - маълум қилди Бансель.

Шу билан биргаликда, у вакцинанинг бир дозаси нархини айтиб ўтмади, аммо Moderna препарати Pfizer ва BionTech вакцинасидан қимматроқ эканлигини тан олди [10].

 

Bloomberg журналисти Россия вакцинасига ишонч билдириш сабабларини эълон қилди

Bloomberg компаниясининг фармацевтика бўйича катта таҳлилчиси Сэм Фазелининг фикрига кўра, Гамалея номидаги марказнинг «Спутник V»  коронавирусга қарши препарати худди Ғарб вакциналари каби кучли бўлиши мумкин. Бу ҳақда, эксперт таъкидлаганидек, синовлар давомида олинган унинг самарадорлиги кўрсаткичлари дарак бериб  турибди [11, 12].

"Россиянинг «Спутник V»   вакцинасининг клиник синовларининг учинчи босқичи ҳақида батафсил маълумотлар йўқлигига қарамай, Хитой CoronaVac вакцинасидан фарқли ўлароқ, препаратнинг жуда ишончли ва самарали ҳисобланишини тахмин қилиш учун асос бор", - маълум қилди Фазели.

Унинг сўзларига кўра, Россия «Спутник V»   ишланмаси туфайли, препаратларни етказиб бериш учун олдиндан буюртмаларнинг  энг кўп миқдорини олган вакцина ишлаб чиқарувчиларининг бешталигига киради.

Эксперт «Спутник V» вакцинаси клиник синовларнинг уч босқичидан ўтганини эслатди. Фазели таъкидлаганидек, жами 23 мингга яқин киши эмланди, улардан 150 нафардан камроғи кейинроқ коронавирус билан касалланди. "Пресс-релизлардаги шарҳларга кўра, «Спутник V» тадқиқотида ҳар бир оралиқ таҳлилнинг самарадорлиги барқарор тарзда 90% ёки ундан юқори бўлди. Шунингдек, гарчи касаллик оғирлик даражасини белгилаш ноаниқ бўлса-да, эмланган шахсларда COVID-19нинг оғир ҳолатлари ҳам кузатилмади", - деб ёзади таҳлилчи [13].

Фазели, айниқса, AstraZeneca Англия-Швеция компанияси билан Гамалея номидаги марказнинг  ҳамкорлигини таъкидлади. Ҳамкорлар Россия вакцинаси компонентларининг бири ва Оксфорд университети билан бирга AstraZeneca томонидан ишлаб чиқилган AZD1222 вакцинасининг компонентлари бирини қўллаш билан COVID-19га қарши комбинация қилинган вакцина яратиш устида иш олиб боришмоқда [14].