Янгиликлар

Иқтидорли талабалар ва ёш олимларни Ёшлар академиясига ариза топширишга чорлаймиз!

Ёшларни илм-фанга жалб қилиш, уларнинг илмий интилишлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясига ёшларни жалб этиш бўйича пойтахтимизнинг қатор олийгоҳларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида ва Тошкент Ахборот технологиялари университетида ўтказилган тадбирда мазкур олийгоҳларнинг иқтидорли талабалари, 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ва илмий изланувчилари эътиборига Ёшлар академияси фаолияти, тузилмаси, мақсад ва вазифалари, платформаларга аъзоликка саралаш мезонлари, саралаш бўйича танлов, ариза топшириш муддати, онлайн ариза топшириш имкониятлари тўғрисида тўлиқ маълумот берилди. Олий таълим муассасалари талабаларида етакчи хорижий илмий муассаса ва марказларга мақсадли ва тизимли стажировка масалалари катта қизиқиш уйғотди. Барча тадбирлар қизғин мунозараларга бой бўлди. Шу кунгача Ёшлар академиясига 200 дан зиёд аризалар топширилди.

Вазирликнинг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Нилуфар Авезова, шунингдек, Ёшлар академияси платформаларига жамоа шаклида аъзо бўлиш имконияти мавжудлиги ҳақида ҳам тадбир иштирокчиларига маълумот берди. Муайян илмий ғоя атрофида турли йўналиш мутахассислари бирлашиб, мамлакат илм-фанида жиддий силжишни амалга ошириш имкони яратилганини алоҳида қайд этди.
Ёшлар академияси фаолияти доирасида мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалари амалга оширилади.

Ўз навбатида изланувчан ёшларимизга қуйидаги ҳавола орқали Ёшлар академиясига ариза топширишлари мумкинлигини маълум қиламиз: http://yoshlarakademiyasi.uz/.