Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби юзасидан учрашув ўтказди

27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарорининг мазмун ва моҳиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда олий таълим муассасалари проректорлари, ОТМ ва ИТМ вакиллари, профессор-ўқитувчилар, олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 24 декабрь куни қабул қилган Қарори кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ва таълим соҳасида фаолият юритаётган юқори малакали кадрларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этаркан, илм-фан аҳлига қаратилаётган эътибор ва имкониятдан тўғри фойдаланиш орқали юртимиз илм-фанини ривожлантириш, иқтисодиётимизни замонавий билимларга эга мутахассислар билан таъминлаш каби масалалар яқин келажакда ечилишига ҳукуматимиз томонидан ишонч билдирилаётганини таъкидлади.

Қарорга мувофиқ, илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилди. Қўшимча ҳақ тегишли мезонларни бажарилишини баҳолаш натижалари бўйича ҳамда таркибий бўлинма раҳбарининг тақдимномаси ва ташкилот коллегиал органи қарори асосида ҳар бир ходимнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолиятига қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Учрашувда иштирок этган олимлар ва тадқиқотчилар ҳақиқатан ҳам шу пайтгача илмий мақолалар, ишланмалар, ўқув қўлланмаларини эълон қилган олимларимиз учун қўшимча рағбатлантириш механизми бўлмаганини ва аксарият ҳолларда бу рағбатлантириш “бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига” деган ибора билан чегараланиб, рағбатлантириш ишлари амалда бажарилмагани ҳақида сўзладилар. мазкур қарор бир томондан илм билан шуғулланиб келаётган олимларни янада фаол бўлишга чорласа, иккинчи томондан ёшларнинг илм-фанга киришиб келишини жадаллаштиради. Мазкур қарор билан тасдиқланган низом эса, ўз навбатида, илмий ишларнинг сифатини ошишига хизмат қилади.

Учрашув давомида мақолаларни илмий журналларда чоп этиш, хусусан Scopus ва Web of Science платформаларидан фойдаланиш масалалари юзасидан саволларга жавоблар берилди, иштирокчилар бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Мазкур тадбирда иштирок этган ҳар бир раҳбар ўз жамоасида мазкур қарор юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориши зарурлигига келишиб олинди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати