Янгиликлар

Тўртинчи саноат инқилоби: Ёшлар ва инновация

26 ноябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамкорлигида “Тўртинчи саноат инқилоби: Ёшлар ва инновация” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўймаслик, давлат-хусусий шерикчилигини такомиллаштириш, кичик инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш, венчур корхоналар ва жамғармалар, “бизнес-фаришталар” – молиявий ва бошқа ресурсларни инновацион лойиҳаларга сарфловчи хусусий инвесторлар фаолияти ва “стартап”лар учун қулай шарт-шароитни яратиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.


Давра суҳбатида Илғор технологиялар маркази директори Шахло Турдикулова, Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтидорли ёшлар билан ишлан бошқарма бошлиғи Нилуфар Авезова, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Юсуфжон Юсупов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори Дурбек Ахмедов, Илғор технологиялар маркази ёш олимлари, иқтидорли талабалар иштирок этди.


Тадбир давомида олий ўқув юртларида академик фан ва таълим жараёни интеграциясини чуқурлаштириш, ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда технологиялар трансферини тижоратлаштириш, ишланмаларни патентлаш ва лицензиялаш ҳақида сўз юритилди.


Давра суҳбати давомида “Тўртинчи саноат инқилоби: инновацион ривожланиш давр талаби”, “Ёшларнинг инновацион ғоялари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ижтимоий шерикчилик муносабатларининг аҳамияти”, “Ёш олимлар ва илмий изланувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда O‘zLiDeP олдида турган устувор вазифалар” мавзуларида маърузалар тингланди.


Тадбир сўнгида Илғор технологиялар маркази ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида меморандум имзоланди.