Янгиликлар

Евроосиё-2019: паррандачилик соҳасининг истиқболлари

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бевосита ҳамкорлиги билан Тошкент шаҳрида паррандачиларнинг “Евроосиё – 2019“ учинчи халқаро форуми бўлиб ўтди.Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бевосита ҳамкорлиги билан Тошкент шаҳрида паррандачиларнинг “Евроосиё – 2019“ учинчи халқаро форуми бўлиб ўтди.


Тадбирда Осиё, Европа, Шимолий Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан таҳлилчилар, парранда етиштириш учун материаллар, жиҳозлар, озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари ишлаб чиқарувчи 40 га яқин компания вакиллари иштирок этди.


Паррандачилик етти хазинанинг бири. Давлатимиз томонидан тармоқни ривожлантириш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий этиш, ишлаб чиқаришга инновацион ёндашишга устувор эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ассортиментини ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар самарасида парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш бундан ўн йил аввалгига нисбатан сезиларли ошди. Жумладан, жорий йил 9 ойида 13,6 миллион долларлик маҳсулот Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистонга экспорт қилинган.
Бугунги кунда парранда гўштини чуқур қайта ишлаш натижасида 20 турдаги маҳсулот етиштирилмоқда. Қолаверса, соҳада қўлланиладиган 186 турдаги жиҳоз ва ускуналар маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, паррандачиларимиз Германиянинг “Хэлмен”, “Салмет”, “Бигдайчман” ва “Меллер”, Бельгиянинг “Паултек”, Италиянинг “Факко” ҳамда Россиянинг “Техна” каби етакчи компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган.


Мамлакатимизда жорий йилда паррандачилик тармоғида жами қиймати 340 миллиард сўмлик 134 лойиҳа ишга туширилди. Дунё паррандачилари каби юртимиз ишлаб чиқарувчилари олдида ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар етарли. Булар – замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш мажмуалари бунёд этиш, мавжудларини модернизация қилиш, тайёр маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтиришдан иборат.


Форумда парранда маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Соҳа асосан товуқ етиштириш билан чекланиб қолмоқда, бошқа парранда турлари, жумладан, курка, ғоз, ўрдак, туяқуш етиштиришни кўпайтиришга етарли эътибор қаратилмаяпти. Парранданинг касалланишини эрта аниқлаш ва олдини олиш бўйича замонавий биолабораториялар ташкил этиш масаласи ҳам долзарб.


Тадбирда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш, паррандачиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тармоққа илғор технологияларни, инновацион ишланмаларни кенг жорий этиш, қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, парранда маҳсулотлари ассортименти ва экспортини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Форум доирасида Ўзбекистон менежерлар уюшмаси билан Евроосиё паррандачилик ассоциацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича битим имзоланди.