Янгиликлар

ГИС воситалари: қишлоқ ва сув хўжалигини рақамлаштириш

Инновацион ривожланиш вазирлигида вазир ўринбосари Азимжон Назаров раҳбарлигида “Қишлоқ ва сув хўжалиги учун масофадан зондлаш ва ГИС воситаларидан фойдаланиш” мавзусида кенгайтирилган давра суҳбати ўтказилди.


ГИС бу географик объектларни, шунингдек, сайёрамизда содир бўлаётган ўзгаришларни хариталаш ва таҳлил қилиш учун қўлланиладиган замонавий компьютер технологиясидир. Харита тузиш ва уни таҳлил этиш узоқ тарихга эга, бироқ ГИС технологияси муаммоларни таҳлил қилиш ва инсоният дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишга янада замонавий ва самарали, қулай ва тезкор ёндашувни тақдим этади. Бу таҳлил қилиш ва прогнозлаш жараёнини автоматлаштиради.


Ушбу тизим вегетация жараёни, мелиоратив ҳолати, минераллашув даражаси ва тупроқ намлиги тўғрисида тўлиқ маълумот беради, бу эса ҳосилнинг 25-30% га ошишига ёрдам беради.
Шунингдек, давра суҳбатида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг қишлоқ ва сув ресурслари учун масофадан зондлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик натижалари”, “Масофадан зондлашнинг қўлланилиши, ГИС воситалари ва аниқ маълумотлар базасига асосланган қишлоқ хўжалиги сиёсати ва сув ресурсларини бошқариш учун маълумотлар таҳлили”, “Ер ресурсларини бошқариш учун геокосмик маълумотларни бошқаришдаги ютуқлар ва муаммолар” ва “Онлайн тарзда WUEMoCA (Water Use Efficiency Monitor for Central Asia) кўрсаткичлари асосида Ўрта Осиё мамлакатларининг сув ва ер ресурсларидан фойдаланиши ва сув таъминоти самарадорлигини баҳолаш” мавзусидаги тақдимотлар тингланди.


Тадбир қатнашчилари ҳар бир тақдимот бўйича ўзаро фикрлар алмашиб, қишлоқ хўжалиги статистикасини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш, хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот олишгача бўлган барча жараёнларга рақамли технологияларни жорий этиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли хукумат идораларига маълумот киритиб боришга келишиб олишди.