Янгиликлар

Сурхондарёда узум етиштиришнинг янги усуллари бўйича стартаплар қўллаб-қувватланади

Жорий йилнинг октябри ойида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан Сурхондарё вилояти Олтинсой туманини мева ва боғдорчиликка мослаштириш ҳамда 5000 гектар ер майдонларида узумзорларни янгилаш тўғрисида топшириқлар берилган эди. Ушбу ижрони таъминлаш мақсадида шу йилнинг Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги Вазирлиги, Инновацион ривожланиш Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо Вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олтинсой туманида 70-80 йилларда барпо этилган узумзорларни янги бозорбоп навларга, яъни in vitro технологияси ёрдамида етиштириладиган соғломлаштирилган узум кўчатларига алмаштириш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек сув масаласи ўртага ташланиб, томчилатиб суғоришга ўтиш чора-тадбирларини янада жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. Шу билан бирга узумни қайта ишлаш корхоналарини ташкиллаштириш, хўраки узум навларини экспортини йўлга қўйиш ва логистика компанияларини ташкил қилиш мақсадида Олтинсой туман қишлоқ хўжалиги фермерларини бирлаштириб, йирик корпорациялар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика марказида узумда in vitro технологияси бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Олтинсой туманидаги узумларни in vitro технологияси орқали кўпайтириш ва кўчатчилик стартапларини ташкил қилиш бўйича лойиҳалар танловини эълон қилиниши ҳақида келишиб олинди. 2 ой муддат давомида замонавий технологияларга асосланган янги лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бу режаларни амалга оширишда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди. Янги токзорлар in vitro усулида кўпайтирилган вируссиз касалликлардан ҳоли бўлган ток кўчатлари билан таъминланиши ва токзорларнинг ҳар томонлама талабга жавоб бериши учун илмий тавсиялар, йўриқномалар ишлаб чиқилиши ҳам шу йўналишдаги лойиҳаларнинг узвий қисми бўлади.