Янгиликлар

Жаҳон банки илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ишларига 100 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё молия, рақобатбардошлик ва инновациялар бўйича глобал амалиёти раҳбари Мариализа Мотта бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон илм-фанини тижоратлаштириш лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа 3 компонентдан иборат. 1-компонент 5 млн. АҚШ доллари қийматига эга бўлиб, Лойиҳани бошқариш гуруҳини яратиш ва қўллаб қувватлаш ҳамда Танлов бўйича халқаро кенгашни ташкил этишга қаратилган. Томонлар лойиҳага тайёргарлик кўриш масаласига тўхталиб, таҳлилий ва техник-иқтисодий лойиҳалаштириш, лойиҳа ижросини бошқариш, коррупцияга қарши тадбирлар режаси, молиявий бошқарув, мониторинг тизимини ташкил этиш каби жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратдилар.
30 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 2-компонент Ўзбекистондаги илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни янада барқарор ва замонавий даражага кўтаришга, илм-фан натижаларидан олинадиган фойданинг ўсишига ва рақобатбардошлигининг ошишига хизмат қилади. Амалий тадқиқотлар ва ишланмалар дастури юртимиз олимлари ва иқтидорли ёш тадқиқотчиларининг жаҳон стандартларига жавоб берадиган илмий ишлар билан шуғулланишларига замин яратади. Бу маблағлар илмий тадқиқотлар, амалий иқтисодий таҳлиллар ва хорижда таълим олиш учун ажратилади.
Лойиҳанинг 3-компонентига эса 15 млн. АҚШ доллари ажратилган бўлиб, бу маблағлар технологияларни жорий этиш, илмий концепциялар яратиш, прототиплаш, илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари ва тижоратлаштириш мақсадларига сарфланиши кўзда тутилган. Мазкур грант маблағлари тадбиркорлар, инновацион стартапчилар, технологик инновацияларни амалга ошириш ва янги ёки мукаммаллаштирилган маҳсулот (хизматлар) яратиш имкониятига эга бўлган корхоналарга тақдим этилиши кутилмоқда. Бунда корхоналарга ўз маблағларини ҳам ўз лойиҳаларига сарфлаш шарти ҳам қўйилади.
Томонлар лойиҳанинг кейинги босқичини октябрь ойида муҳокама қилишга келишдилар. Жаҳон банки вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Лойиҳани бошқариш гуруҳи фаолияти учун 100 миллион АҚШ доллари маблағи олиши мумкинлигини қайд этдилар.