Янгиликлар

Angry Birds ўйини яратувчиси ёшлар учун маҳорат дарси ўтказди

Жорий йилнинг 26 феврал куни Ўзбекистонга “TIME” журналига кўра сайёрамизнинг 100 таъсирга эга одами рейтингига кирган, машҳур Angry Birds ўйини яратувчиси, Европадаги йирик “Slush” инновацион Форумнинг асосчиси Питер Вестербака ташриф буюрди.

Ташриф давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Илғор технологиялар марказида ёшлар учун мотивацион маъруза (маҳорат дарси) ўтказилди. Жаноб Вастербака стартап лойихалар билан ишлаш буйича ўз тажрибаси билан бўлишар экан стартап танлов жараёнларини амалга ошириш механизмларининг Финландия тажрибаси билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистонда инновацион экотизимни яратиш учун барча имкониятлар ва салоҳият мавжуд, фақат ишни тўғри ташкил этиш керак. Ўзбекистонда ўз офисимни очиш ниятим бор, - деди Питер Вестербака.

Тадбирда талабалар, стартапчилар ва ўйинлар саноатига қизиқувчи ёшлар иштирок этди. Улар тарихдаги энг яхши ўйинлардан бирини яратган инсонга ўз саволини бериш ва маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлди.

Питер Вестербака Финляндиянинг Rovio компанияси маркетинг директори лавозимида фаолият юритади. У учрашув давомида шунингдек ўйинларни яратиш ва жаҳон бозорида уларни илгари суриш бўйича ўз тажрибаси билан бўлишди.

Жаноб Вестербака 2011 йилда TIME журналининг версияси бўйича “Сайёрамизнинг 100 энг нуфузли шахслари” рўйхати, 2015 йилда эса – рейтинг ўнталигига киритилди. 2018 йилда жаноб Вестербака Шанхайдаги Тунцзи университетида инновациялар ва тадбиркорлик бўйича профессор унвонига сазовор бўлди.

Учрашув якунларига кўра Питер Вестербака билан доимий алоқалар ўрнатиш, келажакда вазирлик томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этишга таклиф этиш ва мамлакатимиздан чиқаётган янги стартап лойиҳаларни молиялаштиришга жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек ташриф доирасида Питер Вестербака вазирликнинг янги биносида стартап лойиҳалар учун ажратилган жой билан таништирилди ва унинг тавсиялари олинди.