Янгиликлар

Доктор Мақсудова Инновацион клиникасида кўз микрожарроҳлик амалиёти бўйича маҳорат дарси

Бугунги кунда аҳолига сифатли, замонавий тиббий ёрдамни мамлакатимиздан ташқарига чиқмаган ҳолда кўрсатиш тиббиёт соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бевосита кўмаги асосида Доктор Мақсудова Инновацион клиникасида 27-28 январь кунлари АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳрида жойлашган “Lions Eye Institute for Transplant and Research” клиникасининг юқори малакали кўз микрожарроҳларини жалб этган ҳолда кўз микрожарроҳлик амалиёти бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Маҳорат дарси кўз шоҳ пардасини кўчириб ўтказиш, яъни трансплантацияси бўйича юқори малакали кўз микрожарроҳлари Кубал Ааруп Анант, Эркин Абдуллаев ва маркетинг бўйича мазкур институт директори Курц Артур Курт томонидан амалга оширилади. Мутахассислар кўз шоҳ парда касаллиги билан узоқ йиллардан бери хасталаниб, қийналиб юрган 25 нафар ҳамюртимизни бепул консультация қилишди, 4 нафар беморда ноёб микрожарроҳлик амалиёти ўтказилди, шунингдек 4 нафар маҳаллий офтальможарроҳларни ўқитиб, махсус сертификат топширди.

Ўзбекистон аҳолиси орасида кўз шоҳ пардаси трансплантациясига муҳтож бўлган беморлар сони йилига 1000 га яқин бўлиб, уларга оператив даво муолажаси талаб этилади. Мамлакатимизда охирги 5 йил давомида атиги 108 тагина оператив муолажалар амалга оширилган. Мазкур муолажани амалга ошириш учун донордан олинадиган кўз шоҳ пардаси хорижий давлатлардан харид қилинади, беморлар операция ўтказиш учун узоқ муддат кутишларига ёки чет элга чиқиб даво топишларига тўғри келади, баъзи ҳолларда кўр бўлиб қолишгача етиб келган. Консервланган шоҳ пардаси махсус “Кўз банк” лари томонидан тарқатилади. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида мазкур банклар муваффақиятли фаолият олиб боришади, хусусан АҚШдаги Lions Eye Institute for Transplant and Research шулар жумласидандир.

Доктор Мақсудова Инновацион клиникаси раҳбарияти 2019 йилнинг август ойидан бери ушбу марказ билан боғланиб, Ўзбекистонда таҳсил олган ва кейинчалик фаолиятини АҚШ клиникаларида давом эттирган, ҳозирда мазкур марказ ходими ҳисобланган ватандошимиз Эркин Aбдуллаев ёрдамида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришди. Ушбу маҳорат дарси орқали муайян беморларга ёрдам кўрсатилибгина қолмасдан, балки яқиндан ҳамкорлик қилиш натижасида кадрлар салоҳиятини оширилишига, консервланган шоҳ парда билан етарли даражада таъминланишга ва келажакда бу амалиётга бўлган талабнинг тўлиқ қондирилишига, ҳамда жуда кўплаб муҳтож беморларни кўришини тикланишига эришиш мумкин.