Янгиликлар

Спортда ва ёш авлод жисмоний тарбиясида инновацион технологиялар жорий этилади

Ўзбекистонда спортни янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил 26 ноябрь куни «Спортда ва ёш авлод жисмоний тарбиясида инновацион технологиялар» мавзусида онлайн халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирни Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш маркази ташкилий ишлар директори Улуғбек Сафаров, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Ўқ отиш спорти федерацияси раиси Ойбек Норинбаевлар кириш сўзи билан очиб бердилар. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда спортнинг аҳамияти беқиёс эканига урғу берилди. Спорт турли касалликлар, ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини олиш билан бирга халқимизда юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутиши ҳақида гапирилди. Бу соҳада эришилган ютуқлар юртимизни дунёга танитиши, шу билан бирга барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлашини эътироф этилди.

Ойбек Норинбаев ўз нутқида, «Энг муҳим мақсадимиз жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришдан иборатдир» деб таъкидлади.

Шунингдек, О. Норинбаев Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш Концепциясининг мамлакатда спортни ривожлантиришдаги аҳамияти тўғрисида гапириб ўтди. Жумладан, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш орқали ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш йўлида амалга ошириладиган ишлар бўйича ўз фикрларини билдирди.

Конференцияда спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчилари учун илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш, юқори малакали тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ва методологиясини янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди.