Янгиликлар

Ўзбекистоннинг инвазив ва карантин ўсимликлари рақамли харитаси Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтига жойлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан яратилган “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт-импорт жараёнларининг онлайн назоратини олиб боришга мўлжалланган. Жорий йил июнь ойидан мазкур тизим фақатгина Республика ҳудуди назоратини амалга оширган бўлса, эндиликда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенцияга аъзо давлатларнинг “E phyto” тизимига уланиши орқали Ўзбекистондан 128 та давлатга экспорт-импорт учун онлайн тарзда ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилди.

Шунингдек, «Ўздавкарантин» инспекциясининг “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими Россиянинг қишлоқ хўжалиги назорати (Аргус-Фито) электрон тизимига муваффақиятли интеграция қилинди. Бунда, Россия Федерациясидан келтирилаётган ва республикамиз ҳудудидан ушбу давлатга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг онлайн назорати ҳар иккала давлат карантин хизматлари томонидан олиб борилмоқда. Бундай тизимнинг ишга тушиши натижасида давлатлар ўртасидаги экспорт-импорт жараёнлари тезлаштирилиб, маҳсулотларнинг чегарада туриб қолиш ҳолати олди олинмоқда. Шунингдек, фитосанитар сертификатларни қалбакилаштириш ҳолатларига чек қўйилади.

Қайд этиш жоизки, “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими базасида «даладан экспортгача» бўлган занжир қамраб олинади. Экинлар зараркунанда ва касалликлардан холи ҳудудда етиштирилган бўлиши лозим. Бундай маълумотлар онлайн тартибда импортёр давлатларга тақдим этилаётгани боис Республикамиз ҳудудида етиштирилаётган маҳсулотларга ишонч ортиб бормоқда. Бу эса, табиийки, экспорт ҳажми ортишига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Инспекция томонидан карантиндаги ва экспортга салбий таъсир этувчи бошқа зарарли организмлар тарқалган ҳамда улардан холи бўлган ҳудудларнинг электрон хариталари юритилиши жорий қилинди. Мазкур харитадан айни кунларда мутахассислар фойдаланмоқдалар ва бир пайтнинг ўзида унга маълумотларни киритиш ишлари давом этмоқда. Инвазив ва карантин ўсимлик турларининг тарқалиши бўйича рақамли харита ва маълумотлар базаси 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтига жойлаштириш кўзда тутилган.