Янгиликлар

“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журнали энг фаол муаллифларни эътироф этди

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журнали ташкил этилганлигининг 3 йиллиги муносабати билан фаол муаллифлар, таҳрир ҳайъати аъзолари, экспертлар ҳамда таҳририят ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий котиби Ноиба Мамадалиева ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, техника фанлари доктори, профессор, таҳрир ҳайъати аъзоси Муҳаммад Тошболтаев очиб беришди.
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали бош муҳаррири Ҳилола Салоева уч йил мобайнида эришилган ютуқлар ҳамда эксперт ва муаллифлар билан ҳамкорликда бажарилган ишлар, келажакда амалга оширилиши кўзланган режалар хусусида қисқача тўхталиб ўтди. М.Тошболтаев “Илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журналининг роли” мавзусида маърузаси билан чиқди.
Тадбирда етакчи олимлар ва соҳа вакилларининг журналнинг истиқболдаги режаларини амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳаза алмашилди.
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3416-сон қарори ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигида нашр этилмоқда.
Журнал республикамизда илм-фан, миллий иқтисодиёт, сиёсат ва таълим тизими ривожланишига кўмаклашиш, мамлакатимиз олимлари, мутахассислари, докторантлари, мустақил тадқиқотчилари ва ОТМ профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган изланишларнинг илмий аҳамияти ҳамда бу борадаги фаоллигини оширишни ўз олдига мақсад қилиб олган.
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2019 йил 28 февралдаги 262/9.2-сон қарори билан техника, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт фанлари бўйича ОАКнинг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.
Нашрдаги мақолалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилади. Мақолаларни танлаб олиш мезонлари ОАК талабларидан келиб чиқиб белгиланади.
Ҳозирги кунга қадар журналда 225 дан отиқ илмий ва инновацион ғояларни илгари сурган мақолалар нашр этилган. Илмий журнал илм-фан ҳамда инновацион ғояларни тарғиб қилувчи ёшлар ва олимлар ўртасида катта қизиқиш билан мутолаа қилиб келинмоқда.