Янгиликлар

“TechnoWays” технологик ривожланиш марафони II мавсуми бошланди

2020 йилнинг 20 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Ёшлар академияси томонидан “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони II мавсуми ўз ишини бошлади. Унда марофоннинг I мавсум ғолиблари, рўйхатдан ўтган ва саралаб олинган ёшлар, кўнгиллилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирга иштирок этишга имкони бўлмаган ёшлар учун ZOOM ва YouTube платформалари орқали тўғридан-тўғри узатилди.

“TechnoWays” марафонининг биринчи мавсуми ижобий самара бергани боис унинг иккинчи мавсуми республиканинг 4 ҳудудида: Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилди.

Очилиш маросимида Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари О.Тўйчиев юртимизда стартап лойиҳалар учун яратилган шароитлар ва уларнинг аҳамияти, шунингдек, йилдан-йилга янгилик яратишга қизиқувчи ёшлар сони тобора ортиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

“TechnoWays” марафонининг асосий афзалликлари янгилик яратишга қизиқувчан ёшларга ғоя яратишлик, креативлик маҳоратни ривожлантириш, қолаверса муаллифлик ишланмалар билан келиб уни амалиётга қандай татбиқ қилишни билмаётган ёшларга амалий ёрдам кўрсатиб, лойиҳани тайёр прототипга олиб келиш ўргатилади. Бу майдонда ихтирочи ёшлар учун ҳеч қандай чегара қўйилмаган ва ҳар қандай шаклдаги стартап ташаббуслар қабул қилинади. Марафонга иштирок этиш учун 500 нафардан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтишга муваффақ бўлиб, Тошкент шаҳридан 18 та, Андижон вилоятидан 12 та, Тошкент вилоятидан 5 нафар, Сирдарё вилоятидан 6 нафар лойиҳалар саралаб олинди.

Марафон 20 кун давомида ўтказилиб, унда ташаббускор ёшлардан тузилган гуруҳ аъзолари ҳар томонлама сараланиб борилади. Улар менторлар билан биргаликда ўз лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш устида иш олиб боришади. Марафон сўнгида энг яхши лойиҳалар Ёшлар академияси томонидан бир марталик рағбатлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, марафонда турли соҳалар бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилади.

“TechnoWays” марафони иштирокчилари 20 кун давомида Робототехника, мехатроника, WEB DEV, 3Д прототиплаштириш, интернет жиҳозлари, маркетинг, IT, Game develop, дастурлаш (АКТ), озиқ-овқат саноати, биотехнология, VR/AR, қурилиш материаллари, муқобил энергия, машинасозлик йўналишлари бўйича Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказига тегишли бўлган 6 та замонавий лабораториянинг техник имкониятларидан фойдаланиб, янги билим ва кўникмалар оладилар. Тажрибали мутахассислар томонидан онлайн ҳамда амалий машғулотлар ўтказилади.