Янгиликлар

Мингдан ошиқ илмий лойиҳаларнинг электрон реестри шакллантирилади

20 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлари раис, раис ўринбосари ва илмий котибларининг мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-техник лойиҳаларнинг тизимли мониторингини, шу асосда мақсадсиз ишлатилаётган грант маблағларини бошқа истиқболли ва талаб юқори бўлган мавзуга оид лойиҳаларни бажариш учун қайта йўналтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланган.

Иброҳим Абдураҳмонов йиғилганларга мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техник лойиҳаларнинг биринчи ярим йилликда бажарилиши мониторинг қилинганини маълум қилди.

Илмий лойиҳаларнинг бажарилишини жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш жараёнида илмий-тадқиқот ишларининг лойиҳа бўйича имзоланган шартнома ва унинг календарь режасига асосан бажарилиши ҳолати ўрганилди. Шунингдек, ижрочи ташкилот томонидан илмий-техник лойиҳанинг бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганига эътибор қаратилди. Лойиҳаларга ажратилган молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланаётгани таҳлил қилинди. Бундан ташқари, мазкур илмий лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш бўйича эришилган натижалар кўриб чиқилди. Ва муҳими, ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижалар ва уларнинг тижоратлаштириш имкониятлари мониторингнинг диққат марказида бўлди.

Ўз навбатида, илмий фаолиятга оид давлат дастурларининг ижрочи ташкилотлари жорий йилнинг 20 ноябрига қадар бажарилаётган 1088 та илмий лойиҳалар бўйича тайёрланган якуний ҳисоботларни топширдилар. Мазкур ҳисоботларнинг электрон реестри вазирлик томонидан шакллантирилиб, тегишли илмий-техник кенгашларга экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилади.

Ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши бўйича хулоса беришда тадқиқотчилар томонидан янги йирик илмий (янги қонуниятлар, самаралар, ҳодисаларни кашф қилиш ва б.) ҳамда амалий (янги материаллар, технологиялар, ускуналар, машиналар, қурилмалар ва б.) натижаларга эришилганига аҳамият берилади. Илмий-тадқиқот натижаларини иқтисодиёт тармоғи ёки ижтимоий соҳага жорий этилиши, олинган илмий натижаларнинг халқаро нашрларда чоп этилгани, уларга патент ва гувоҳномалар олингани муҳим саналади.