Янгиликлар

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илмий ишланмалар кўргазмаси ўз ишини якунлади

Жорий йилнинг 18-19 ноябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ўзбекистонда илк бора фармацевтика ва тиббиёт соҳасида тижоратлаштиришга тайёр бўлган илмий ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки кун давом этган кўргазмада юртимиздаги илмий-тадқиқот институтлари, илмий ва инновацион марказлари томонидан 100 тага яқин илмий ишланмалар намойиш этилди. Кўргазмада барча илмий муассасалар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқилган дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ҳамда замонавий даволаш методикалари намойиш қилинди.

Тадбирда 11 та олий таълим муассасалари, 7 та Фанлар академияси ва 9 та тармоқ илмий-тадқиқот институтлари ҳамда илмий марказлар ихтирочилари томонидан 100 та инновацион ишланмаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбирда муассасалар, тадбиркорлар, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари иштирок этиб, муҳокамалар ўтказиш ва келишувларни имзолаш имконияти яратилди.

— Кўргазмага, хусусан, таркибида кумуш нано зарралари бўлган дизенфекцияловчи воситаларимизни тақдим этдик, — дейди Полимерлар кимёси ва физикаси институти катта илмий ходими, техника фанлари номзоди Шерзод Йўлдошев . — Маълумки, барча антисептик воситалар асосан хлор ва спирт таркибли бўлади. Бизнинг воситаларимиз таркибида эса кумуш нано заррачалари мавжуд бўлиб, унинг организмга ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Восита тўлиқ маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган, кумуш нанозаррачаларини ҳам ўзимиз кимёвий усулда синтез қиламиз.

Мазкур институт олимлари шунингдек «суюқ қўлқоп»ни тақдим этди. Уни қўлга сурса, юпқа плёнка ҳосил бўлади. Масалан, антисептик воситаларни ишлатадиган бўлсак, чидамлилиги 2 соатгача боради. Бизнинг ишланмамиз эса 6-8 соатгача ишлайди. Қўлда юпқа плёнка ҳосил бўлиши билан бирга терининг нафас олишига ҳам тўсқинлик қилмайди.

Кўргазмада, шунингдек, "Chirana Asia« ҚК МЧЖ »Made in Uzbekistan" ёрлиғи остида илк ўпка сунъий вентиляцияси аппаратини тақдим этди. Корхона муассиси Василий Шимко истиқболдаги режалар ҳақида гапирар экан, оммавий ишлаб чиқариш 2021 йилнинг февраль ойидан йўлга қўйилиши ва завод йилига 500 тагача ўпка сунъий вентиляцияси аппаратларини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлишини таъкидлади.