Янгиликлар

Ёш олимларнинг лойиҳалари муҳокамаси бошланди

2020 йил 18 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт фанлари» бўйича Илмий техник кенгашнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат илмий-техника дастурлари доирасида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга қаратилган махсус бажарилиши 2020-2022 йилларга мўлжалланган амалий тадқиқотлар танловининг 28-тури бўйича топширилган ва ўрнатилган тартибда дастлабки техник экспертизадан ўтказилиб, «Тиббиёт фанлари» бўйича Илмий-техник кенгашда кўриб чиқиш учун тавсия этилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Ушбу тур танловида «Дилятацион, перипартал ва гипертрофик кардиомиопатияларни дифференциал даволаш технологияларини ишлаб чиқиш» мавзуси эълон қилинган. Мавзу доирасида бажариладиган амалий лойиҳанинг умумий молиялаштириш ҳажми 3,0 млрд сўм бўлиб, бажарилиши уч йилга мўлжалланган. Ушбу мавзуга иккита лойиҳа топширилган. Ҳар иккала лойиҳа ҳам экспертлар томонидан ижобий баҳоланган.

Мавзу доирасида юрак етишмовчилиги бўлган пасайган (кенгайган, перипартал кардиомиопатия) ва сақланиб қолган (гипертрофик кардиомиопатия) чап қоринча фракцияси мавжуд беморларда генотипик бузилишлар ўрганилади. Шунингдек, ушбу тоифадаги беморларда касалликка руҳий реакциялар даражаси таъсири тадқиқи этилади. Инструментал ва биокимёвий белгилар асосида ишемик ва перипартал кардиомиопатияни дифференциал даволаш (жарроҳлик ва дори усуллари) учун кўрсатмалар ҳамда дилатацион, перипартал ва гипертрофик кардиомиопатияларни дифференциал даволаш технологиялари ишлаб чиқилади.

Мажлисда иқтидорли ёш олимларнинг илмий-инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ташкил этилган «Ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалар танлови» бўйича топширилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. “Турли жароҳатларда тери қатламларининг регенератив жараёнларини стимуляция қилиш учун бириктирувчи тўқима ҳужайралари асосида муҳандислик тўқима конструкцияли биоматериал олиш технологиясини яратиш” мавзусида топширилган лойиҳаларнинг ҳар бирига 2 нафардан мутахассис олимлардан эксперт сифатида белгиланган бўлиб, ижобий хулоса олган лойиҳалар илмий раҳбарларининг тақдимоти ўтказилди.

Илмий-техник кенгаш муҳокамаси натижаларига кўра молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатида овозга қўйиш йўли билан тасдиқланади ёки рад этилади.